Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказмоқда.

Давлат раҳбари Қашқадарё учун энг долзарб масалалардан бири аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш эканини таъкидлади.

Жорий йил ажратилган 1 триллион сўм ҳисобидан 747 километр сув ва канализация тармоғи ҳамда 43 та иншоот қурилишини икки ойда якунлаш топширилди. Натижада 200 минг аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлади.

Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳри, Қамаши, Ғузор ва Қарши туманига тармоқ тортиш лойиҳасини бошлаш учун 100 миллиард сўм ажратилди. Яна 210 миллион доллар жалб этиб, лойиҳани сифатли амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали 350 минг аҳоли тоза сув билан таъминланади.

Нишон, Касби, Миришкор, Муборак ва Қарши туманидаги яна 700 минг аҳолининг сув таъминотини яхшилаш мақсадида Толимаржон – Муборак сув тизимини реконструкция қилиш лойиҳаси бошланмоқда. Унинг техник-иқтисодий асосларини 1-апрелгача якунлаш ва лойиҳага 150 миллион доллар жалб этиш режалаштирилган.

Қашқадарёда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилади. Осиё тараққиёт банки билан А-380 автомобил йўлининг вилоятдан ўтувчи 100 километр қисмини реконструкция қилиш бошланади. Лойиҳа қиймати 350 миллион доллар.

Қарши шаҳрининг айланма йўли 5,5 километрга узайтирилиб, мазкур магистралга уланади. Масъулларга техник-иқтисодий асосларни шу йил якунлаб, январдан қурилишга киришиш топширилди.

“Қарши – Помуқ” ва “Ғузор – Бейнау” йўлларидаги темир йўл кесишмаларида поезд ўтаётган вақтда катта тирбандлик юзага келмоқда. Бу жойларда қиймати 250 миллиард сўм бўлган иккита замонавий йўл ўтказгич қурилади.