Қашқадарё вилоятида 500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Қарши шаҳри барпо этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи давомидаги йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбарига кўра, Янги Қарши шаҳри – Қарши шаҳри, Кўкдала ва Қарши тумани чегарасида, 5 минг гектар майдонда, 500 минг аҳолига мўлжаллаб қурилади.
Қарши туманидаги канал бўйида эса 235 гектарлик “Янги Насаф” экомажмуасининг қурилиши бошланади.
“Нуфузли архитектура компаниялари жалб этилиб, икки ойда илғор шаҳарсозлик ечимларини қамраб олган бош режа ишлаб чиқилади. Уни тайёрлаш учун дастлаб 20 миллиард сўм ажратилади. Янги ҳудудларда кўп қаватли бинолар, савдо ва бизнес марказлари, уй-жойлар “яшил” ва “ақлли” шаҳар тамойиллари асосида қурилади”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, вилоятда кўчат экиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича ҳам “Қашқадарё тажрибаси” яратилади. Ҳар йили Наврўз арафасида “Энг яшил маҳалла” танлови ўтказилиб, ғолиблар электромобил ҳамда бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Туризм
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Қашқадарёга йилига 6 миллион турист жалб қилиш учун барча имконият бор. Йил бошидан вилоятга 2,5 миллион сайёҳ келган, биргина Ғелон қишлоғига ташриф буюрганлар сони 500 мингга етган.
Татаристон билан ҳамкорликда Ғелондаги тоғ-чанғи курортининг биринчи босқичини келаси йил ишга тушириш режалаштирилган. Табиати билан Ғелонга ўхшаш Чироқчидаги Тарағай, Китобдаги Башир ва Яккабоғдаги Татар қишлоқларини ҳам этнотуризм марказларига айлантириш имкониятлари бор. Шаҳрисабз туманидаги Сайёд ва Сувтушар қишлоқларида тоғ дарёлари негизида рафтинг ва спорт туризмини ривожлантириш мумкин.
Мутасаддиларга ушбу олти қишлоқ бўйича бир ойда мастер-режа тайёрлаб, 1 мартдан 50 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди.
Шунингдек, ҳар баҳор Ғузорда “Лола ва кабоб”, Кўкдалада “Чиял яхна” гастрономик фестивалларини ўтказиш йўлга қўйилади.

















