Хонадонингизда тоза ичимлик сувидан муаммо йўқлиги – фаровонликнинг бир белгисидир. Бироқ узоқ вақт давомида мамлакатдаги турғунлик сабаб кўплаб муаммолар илдиз отиб кетди. Жумладан, ичимлик суви соҳаси ҳам эгасиз қолди. Навбатдаги мурожаат бизни айни шу муаммо ортидан Фарғона вилояти, Фурқат тумани, Қўрғонча қишлоғи сари етаклади.
Ҳусанжон Маҳмудов:
– Анча вақтлардан бери маҳаллани ичимлик суви муаммоси қийнаб келмоқда. Катта йўл ёқасидан бориб узоқ ҳудудлардан сув ташиб келинади. Аёллар, болалар, кексалар қиш кунларида ҳам сув ташишади. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Бажарамиз, бажарамиз, баҳорга, мартга, апрелга, кейин кузга дея орадан йиллар ўтмоқда. Қоп-қоп ваъдалар фақат қопнинг ичида қолиб кетяпти. Шу йўлдан катта-катта раҳбарлар, ҳаттоки вилоят ҳокими ҳам ўтади. Лекин бирорта одам «сен сувни қаердан ташиб олиб келяпсан», демайди. Болалар катта-катта идишларда сув ташиб келишади. «Сувоқова» ташкилотидан келиб, ваъдалар беришяпти, бироқ натижа йўқ. Кейинги йили дастурга киритилган, деган йилларнинг анчаси ўтиб кетди. Йўқ сув учун «уйингизга ҳисоблагич қўйинг» деганлар ҳам бўлди. Қачонгача сувсиз яшашимиз номаълумлигича қолмоқда.

Васила Розиқова:
– Биз маҳалладагилар пул йиғиб сув минораси ташкил қилдик. Лекин одам кўплигидан навбат етмайди. Шу сабабли барибир «водхоз»га борамиз. Баъзи вақтларда у ерларда йиғилиш бўлади. Нима қилишни билмай яна қайтиб келамиз. Кечаси билан ўша ердан сув ташиб ичамиз. Шу сабаб касалликлар ҳам кўпайиб кетди. Ҳатто, ариқ суви ҳам муаммо. Чунки у ҳам фермерлардан ошмайди-да.

Матлуба Раҳмонова:
– Менинг кичик ўғлим катта йўлдан бориб сув ташиб келади. Баклажкаларда сув олиб келади. Бир сафар машина уриб юборди, бахтимизга омон қолди. Беш ёшли қизим ҳам ёнимда юриб, мен билан сув олиб келишга боради. Йўл чеккасидан боришини тайинлаб, илҳақ бўлиб ўтираман. Эрталаб ҳам мактабга боргунигача сув олиб келиб беришади. Ариқ суви умуман йўқ. Сигир-бузоқларимизга ҳам шу сувдан берамиз. Рўзғор ишлари, идиш-товоқ, кир ювишларга ҳам жуда қийналамиз. Комиссиялар жуда кўп келади, муаммолар билан қизиқади. Дарров сув ҳақида айтамиз, лекин инобатга олинмайди. Ёзмаган жойимиз қолмади, натижадан эса дарак йўқ.




















