Kun.uz мамлакатнинг турли ҳудудларида бўлиб, одамлар ҳаёти билан яқиндан танишишда давом этади. Бу сафарги манзил Фарғона вилоятининг Фурқат тумани бўлди.

Фурқат — Фарғона вилоятидаги туман. 1992 йил 9 апрелда ташкил этилган. Фурқат Бешариқ ва Ўзбекистон туманларидан ажраб чиққан. Шимолдан Тожикистон Республикаси, Данғара, Бешариқ ва Ўзбекистон туманлари билан чегарадош. Майдони 0,31 минг км².

Аҳолиси 125 минг киши. Маркази — Навбаҳор шаҳарчаси. Фурқат туманига 2024 йилнинг август ойидан бери Элёр Асронқулов ҳокимлик қилиб келади.

Элёр Асронқулов

Фурқат марказида бўлиб, аҳолидан туман нега бундай номланишини, фурқатликлар ўз ҳокимларини таниш-танимаслиги, уларни қийнаётган муаммолар ҳақида ҳам сўрадик.

Бозордаги сотувчилар билан суҳбатлашиб уларнинг топаётган кунлик даромади ҳақида сўраганимизда нон сотувчи хола йиғган пулига ўғлига машина олиб берганини айтди.

Ясаган нақшинкор айвон-у устунлари билан бутун республикага машҳур бўлган Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусов ҳам Фурқат туманида яшайди.

Аксарият аҳоли туман муаммоси сифатида марказда ҳордиқ чиқариш учун жамоат парки йўқлиги, шунингдек, чорва бозори ҳам фаолият юритмаслиги сабаб Ўзбекистон ва Бешариқ туманларига боришлари ҳақида айтди.