Ўзбекистон | 13:35 / 13.06.2018
73569
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятидаги бир туман ҳокими ишдан олинди, яна бир туман «тўртлиги»га охирги огоҳлантириш берилди

12 июнь куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани ҳокимлигида президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши вақтида вилоятдаги Фурқат тумани ҳокими ишдан олинган.

«Kun.uz» мухбири хабар қилишича, Фурқат тумани ҳокими Аҳаджон Мамаюнусович Мадаминов ҳамда уч сектор раҳбари (туман бош милиционери, туман бош солиқчиси ва туман прокурори) ишдан кетган. 

Вилоятнинг Учкўприк тумани «тўртлиги» эса қаттиқ танқид қилиниб, охирги марта огоҳлантирилган. Фарғона вилояти матбуот хизмати маълумотига кўра, айни вақтда Учкўприк тумани ҳокими Маҳаммаджон Қаландарович Деҳқонов ҳисобланади. Ундан олдинги ҳоким Йўлчибой Бойжигитов шу йилнинг апрель ойида бош вазир Абдулла Арипов томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қаттиқ ҳайфсан олганди (таълим тизими ходимларини кўча тозалаш, маҳаллаларни ободонлаштириш, йўл четларига гул экиш ва дала ишларига мунтазам равишда жалб этиб келгани учун). У қачон ишдан бўшатилиб, ўрнини Деҳқонов эгаллагани ҳақида интернетда маълумот мавжуд эмас.

Шунингдек, Данғара тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Рустамжон Тожиев сектор раҳбари сифатида ҳудудидаги вазиятга эътибор бермагани учун ишдан олинган. У 2017 йилнинг февралида Данғара туман ИИБга бошлиқ этиб тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил апрелида Данғара тумани эшак гўшти можароси туфайли «машҳур» бўлганди.

Мавзуга оид