Ўзбекистон | 16:40 / 27.10.2019
65032
10 дақиқада ўқилади

Туркиянинг Сурияда ён бериши, якунига етган «Туркуаз иши», Зойир Мирзаевнинг «қайтиши» ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Ўзбек тили байрами

21 октябрь куни янги барпо этилган муҳташам «Конгресс-ҳолл» саройида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Президент «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонни имзолади. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилиниши белгилаб қўйилди. Фармона биноан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишлар жадаллаштирилади.

«Туркуаз» иши

2019 йил 4 октябрь куни Инвестицион низоларни ҳал қилиш халқаро маркази ICSID «GUNESH TEKSTIL» корхонаси ва Ўзбекистон ҳукумати  ўртасидаги низога якун ясади. Халқаро марказ қарорига мувофиқ, мулкий ҳуқуқлар бузилгани сабабли Ўзбекистонда 2004-2011 йилларда савдо фаолияти билан шуғулланган бир гуруҳ туркиялик инвесторларга 40 миллион AҚШ доллари миқдорида компенсация тўланадиган бўлди.

Инвесторлардан бири Воҳид Гунеш 2012 йил апрелида Ўзбекистон ҳукумати томонидан мусодара қилинган мулкларини қайтариб олиб беришини сўраб, халқаро арбитраж судига мурожаат қилган, у ўзига нисбатан қийноқлар қўлланганини иддао қилиб, 200 миллион доллар атрофида компенсация талаб қилганди.

Эксперт Алишер Умирдинов шу ва бошқа низоли вазиятларни таҳлил қилиб, бу ҳолатлардан қандай хулоса қилиш ва бундан кейин қандай хатоларга йўл қўймаслик бўйича тавсияларини берди.

Янгийўлдаги шов-шувли аудио ва унинг ортидан истеъфо

Фото: Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизмати

22 октябрь куни ўзини Янгийўл туман ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари деб таништирган шахснинг ҳақоратга тўла аудиохабари Telegram'да тарқалиб кетди. 

23 октябрь куни ҳайдовчилар туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, аудиода уларни камситган шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Шу куни кечқурун юзга яқин таксичи туман ЙҲХБ биноси олдида тўпланиб, бошлиқ ўринбосаридан изоҳ талаб қилди.

Аввалига аудиоёзувдаги овоз ўзиники эмаслиги айтган ЙҲХБ катта инспектори Усмон Замонов ИИББ текширувлари натижасида айбини тан олди ва ишдан бўшатилди. Прокуратура ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида терговга қадар суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда.

Ҳафта рокировкалари

Қашқадарё вилоятига 2013 йил сентябридан бери ҳокимлик қилиб келган Зафар Рўзиев ишдан олинди. 2018 йил кузидан буён Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманига ҳокимлик қилиб келган Зоир Мирзаев Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 

26 октябрь куни Қаршида вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди ва унда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, вилоят прокурори Ботир Юсупов, вилоят ИИБ бошлиғи Дилшод Турсунбоев ва вилоят солиқ идораси раҳбари Равшан Насимов ишдан олингани эълон қилинди. Шу куннинг ўзида Зафар Рўзиев Жиззах вилоятининг Зарбдор туманига ҳоким этиб тайинланди, Қашқадарё вилоятининг янги раҳбарияти ҳам шу куннинг ўзида таништирилди.

Қашқадарёнинг янги «тўртлиги»

Зоир Мирзаев - вилоят ҳокими;
Эркабой Тожиев - вилоят прокурори;
Шуҳрат Сотиболдиев - Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи;
Азамат Бозоров - Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи.

Бундан ташқари, Қарши шаҳри ҳокими Жамшид Фозилов, Чироқчи тумани ҳокими Рустам Жўрақобилов, Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов масъулиятсизлиги сабаб, Китоб тумани ҳокими Рустам Саъдуллаев эса соғлиғи ёмонлашгани боис ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилган. 

Шунингдек, вилоят ҳокими биринчи ўринбосари сифатида ишлаган Хуррам Жўраев ва вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражабов ишдан олинди.

Касби тумани ҳокими Нормўмин Холбоев энди Қарши шаҳрига раҳбарлик қилади. Хуррам Жўраев ва Бахтиёр Ражабов мос равишда Чироқчи  ва Миришкор туманларига ҳоким этиб тайинланди.

Шу вақтгача Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида масъул ходим сифатида ишлаб келган Тўхтамурод Менглиев Касби туманига, «Микрокредитбанк»нинг Қашқадарё филиалига раҳбарлик қилган Алишер Зокиров эса Китоб туманига ҳоким этиб тайинланган.

Қашқадарёдаги ўзгаришлар Сурхондарё ва Жиззах вилоятларига ҳам таъсир қилди.

Сурхондарё вилояти ИИБ раҳбари Шуҳрат Сотиболдиев Қашқадарё ИИБ раҳбарлигига ўтказилгач, унинг ўрнини ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Абдувоҳид Исмоилов эгаллади.

Зоир Мирзаев Қашқадарёга кетиши муносабати билан унинг Шароф Рашидов тумани раҳбарлигида бўш қолган ўрнини Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келган Маҳмуд Холбўтаев эгаллади.

Зафар Рўзиев Зарбдор туманига ҳоким этиб тайинланди, 2018 йилдан буён ушбу туманга раҳбарлик қилиб келган, Сирдарё вилоятининг собиқ ҳокими Ойбек Ашурматов Маҳмуд Холбўтаев ўрнига Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Сурия бўйича келишув

Фото: Михаил Метцель/ТАСС

23 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Сочидаги музокаралар якунида Сурия шимолидаги вазият бўйича келишувга эришди ва Туркия Суриядаги ҳарбий амалиётини тўхтатди. 

  • Туркиялик ҳарбийлар 9 октябрь кунидан буён «Тинчлик булоғи» амалиёти давомида эгалланган ҳудудлар устидан номаълум вақтга қадар назоратни сақлаб қолади (келишувда бу «статус-кво сақланиши» деб аталган).
  • Чегарадаги бошқа барча ҳудудлар суриялик чегарачилар ва Россия ҳарбий полиция томонидан эгалланади. Туркия армияси бу ҳудудга кириши мумкин эмас, аммо туркиялик ҳарбийлар чегарадан 10 км ичкаригача бўлган ҳудудда Россия билан ҳамкорликдаги патрул ишларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.
  • Эрдўған террорчилар деб атаган курд ҳарбий бўлинмалари бир ҳафта мобайнида чегара ҳудудини тарк этиши керак бўлади. Келишувда уларнинг тақдири ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, аммо томонлар «барча шаклларда терроризм билан курашиши» қайд этилган.
  • Ҳужжатда курд мухторияти ҳам тилга олинмаган: Суриянинг сиёсий тузилмасига оид барча масалалар кейинроқ Россия, Туркия ва Эрон иштирокидаги конституцион қўмитада кўриб чиқилади ва ҳал қилинади.
  • Туркиядан суриялик қочқинлар курдлар ерларига кўчирилиши ҳақида ҳам ҳеч нарса айтилмаган: фақат томонлар қочқинлар Сурияга «хавфсиз ва ўз ихтиёри билан қайтиши» чоралари кўрилишига келишиб олинган.

Бутун дунёда намойишлар: Коррупция, нотенглик, озодлик ва иқлим

Октябрь ойида буён Ироқ, Испания, Ливан, Чили, Боливия, Гвинея, Ҳаити ва Эквадорда юз минглаб кишилар норозилик намойишларига чиқишди, Ҳонгконгдаги намойишлар эса баҳордан буён тингани йўқ. Бундан ташқари, аввалроқ Миср, Жазоир, Ҳондурас, Никарагуа, Малави, Россия, Судан, Зимбабве, Франция, Испания ва Буюк Британияда норозилик намойишлари бўлиб ўтганди.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси бутун дунёда норозилик ҳаракатлари ўсганлигини қайд этмоқда. 

Бу давлатлардаги намойишчиларни кўп ҳолларда юқори табақага нисбатан нафрат бирлаштирмоқда, намойишчилар уларни адолатсизлик билан бойишда ва коррупцияда айблашмоқда.

Ливанни сўнгги 15 йилдаги энг йирик намойишлар қамраб олишига ҳукумат томонидан WhatsApp ва бошқа мессенжерлардан фойдаланганлик учун тўловлар ва солиқларни ошириш сабаб бўлган бўлса, Чилидаги намойишлар жамоат транспорти учун чипта нархи оширилиши ортидан бошланди.

Эквадорда эса ҳукуматнинг ёқилғи учун субсидияларни бекор қилиши ва бензин нархи ортиши туфайли одамлар кўчаларга чиқди. 

Ироқда коррупция, ишсизлик ва ҳукуматдаги лавозимлар хизматлар учун эмас, қайси диний гуруҳга мансублигига қараб тақсимланишига қарши намойишлар туфайли камида 157 киши ҳалок бўлди ва мингдан ортиқ киши жароҳатланди.

Сентябрь ойида Мисрда ҳам ўз вақтида ҳарбий тўнтариш билан ҳокимият тепасига келган Абдуфаттоҳ ас-Сисий ҳукуматига қарши намойишлар бошланганди.

Ҳонгконгда эса ҳукумат парламентга жиноят содир этган фуқароларни Хитойга экстрадиция қилиш бўйича қонун лойиҳасини киритгач, норозилик намойишлари тўлқини бошланган ва ҳукумат чекиниб, лойиҳани қайтариб олган бўлсада намойишлар ҳамон давом этмоқда. Энди намойишчилар сайлов ҳуқуқлари кенгайишини, намойишчиларга нисбатан амнистия қўлланишини ва полициячиларнинг зўравонликлари бўйича текширувлар ўтказишни талаб қилишмоқда.

Ҳонгконгликларнинг тактикасидан Барселонада ҳам фойдаланишмоқда. Каталония мустақиллигини талаб қилиб митинглар бошлаган намойишчилар бу ерда ҳам аэропортларни қамал қилишди.

Октябрь ойида дунёнинг 60дан ортиқ шаҳрида экофаоллар намойишлари ўтказилди - улар орасида Лондон, Париж, Берлин, Амстердам ва Сидней бор. Акция иштирокчилари талаби - ҳавони ифлослантиришни кескин камайтириш бўйича чоралар қабул қилиш.

Extinction Rebellion («Қирилиб кетаётганлар исёни») намойишчилари бир неча марта Лондондаги йўлларни тўсиб қўйишди. Полиция «кузги намойишлар» ҳаракати иштирокчиларидан 1,5 минг нафардан ортиғини қўлга олди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид