Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш жараёнига старт берилади.

Сўнгги пайтларда мазкур тартиб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокама қилинмоқда. Kun.uz мухбири мобил қурилма фойдаланувчиларида туғилаётган турли саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази матбуот котиби Зилолахон Иноятова билан суҳбатлашди.

 — Ушбу тизимни йўлга қўйишдан мақсад нима?

— Аввало, республикамиз ҳудудига ноқонуний йўл орқали мобиль қурилмалар олиб кирилишига чек қўйиш ҳамда сифатли мобил қурилмалар сотилишига имконият яратиш. Шунингдек, ички бозорда соғлом рақобатни ривожлантириш.

— Рўйхатдан ўтказиш жараёни неча босқичда амалга оширилади?

— Вазирлар Маҳкамасининг 778-сонли қарорига асосан, UZIMEI тизимининг жорий қилиниш босқичлари тасдиқланган. Биринчи босқич шу йилнинг 1 апрелидан 1 ноябрга қадар давом этади. Бунда биз IMEI кодларини автоматик тарзда бепул, фойдаланувчиларнинг иштирокисиз, фақатгина алоқа операторлари томонидан рўйхатдан ўтказяпмиз.

1 ноябрдан эса мурожаатлар орқали IMEI кодларни рўйхатдан ўтказишни бошлаймиз. Бу жараёнда фуқаролар, импорт қилувчилар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар янги қурилмаларни мурожаат йўли билан рўйхатдан ўтказишлари лозим бўлади. Улар SMS, USSD сўровлари, UZIMEI тизими оператори ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари портали (www.my.gov.uz) ва ҳудудий почта алоқа бўлимлари орқали рўйхатдан ўтказишади.

Яна бир нарсани айтиб ўтиш керакки, 1 ноябрдан IMEI коди аниқланмаган ёки Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний йўл билан олиб кирилган мобиль қурилмаларнинг IMEI коди UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказилмайди.

Барча фуқароларга маслаҳатимиз - мобиль қурилмаларни 1 ноябрдан кейин харид қилишса, ўша пайтнинг ўзидаёқ қурилманинг IMEI коди ҳолатини текшириб кўришсин. Буни SMS ва USSD сўровлари ёки бизнинг uzimei.uz сайтимиз орқали билиб олишлари мумкин.