7 ноябр куни Полшанинг Краков шаҳри тарихий қисмида отишма рўй берди. Ҳарбий формада бўлган жиноятчи узун стволли қуролдан фойдаланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода у автомобилда ҳаракатланиб, йўл бўйидаги одамларга қарата ўт очганини кўриш мумкин.

Уни тўхтатиш учун отишмага киришган полициячилардан икки нафари ҳам жароҳат олган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида олти киши ҳалок бўлиб, 15 киши яраланган.

Краков шаҳри мэри Лукаш Гибала 11 ноябрга қадар мотам эълон қилди.

Ўт очган шахс қўлга олиш чоғида яраланган ва шифохонага ётқизилган. Ҳолати оғир деб баҳоланмоқда. Унинг автомобилидан яна бир қурол ва ўқ-дорилар топилган. Жиноят мотивлари номаълум. Жиноятчининг шахси очиқланмаяпти. Полициядагилар қўлга олинган шахс – Полша фуқароси эканини маълум қилган.

Жиноятчи 24 ёшда бўлган. У ҳужумда фойдаланган автомобил 52 ёшли отасининг номида. Onet хабарига кўра, отанинг ўқотар қуролга эгалик қилиш учун рухсатномаси ҳамда 11 та қуроли бор. Ўғил ҳам, ота ҳам бунгача жиноий жавобгарликка тортилмаган.

Полша бош вазири Доналд Туск ҳодисани теракт деб баҳоади. Ҳукумат ва полиция ҳужум қилган жиноятчининг шериклари бўлмаган, деб ҳисобламоқда.