Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, «Samarkand Half Marathon»ни ўтказишдан мақсад – маданият ва санъат объектларининг инклюзивлиги (жисмоний имконияти чекланган шахслар учун керакли шароитларнинг мавжудлиги) муаммосига жамоатчилик эътиборини тортиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва Ўзбекистонда спорт туризмини оммалаштиришдан иборат.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ушбу марафон юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маданият муассасаларида инклюзив муҳитни яратиш масаласига тўхталиб ўтди.
«Инклюзия – бутун жаҳонда илгари сурилаётган ижтимоий концепция. Мазкур концепцияга асосан, саломатлигидан қатъи назар, ҳар бир одамга жамиятдаги моддий ва маънавий бойликлардан баҳраманд бўлишга ва ўзини намоён этишга имкон берилиши лозим. «Samarkand Half Marathon» лойиҳасининг асосий мақсади ҳам шу. Биз бу тадбир орқали жамоатчилик эътиборини маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик муаммосига қаратмоқчимиз», – деди Мирзиёева 30 октябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Лойиҳага тайёргарлик жараёнида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, республикадаги деярли барча маданият муассасалари инклюзив тоифа вакилларига мослашмаган. Ваҳоланки, 2019 йилда Ўзбекистонда 710 мингдан ошиқ имконияти чекланган шахс рўйхатга олинган.
«Инклюзия муҳитини яратиш – осон бўлмаган, узоқ муддатли, режали ишни талаб қиладиган масала. Бунда бир маротабалик тадбирлар билан чекланиш хатодир. Лойиҳалар давомли кўринишда бўлиши лозим», ─ дейди Саида Мирзиёева.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи Мадина Бадалова «Samarkand Half Marathon»нинг кун тартиби хусусида маълумот берди.
«Ярим марафоннинг дастлабки икки кунида маданий ва таълимий тадбирлар ўтказилади. Халқаро экспертлар иштирокида инклюзия муаммоларига бағишланган давра суҳбати ўтказилиши режалаштирилган. Унда Тошкентдаги маданият муассасаларида ногиронлиги бўлган, ҳаракати чекланган шахслар учун мавжуд шароитлар бўйича мониторинг натижалари ҳисобот тарзида тақдим этилади.
3 ноябрь куни 21, 10 ва 2 км узоқликдаги масофа бўйича югуриш мусобақалари бўлиб ўтади. Шунингдек, ярим марафон доирасида Beat Films кинофестивали билан ҳамкорликда ҳужжатли кинофильмлар намойиши ўтказилади», ─ дейди жамғарма вакили.



















