Сенатнинг ялпи мажлисида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Самарқанд шаҳри ҳудудини кенгайтириш, унинг инвестицион ва туристик жозибадорлигини ошириш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, юқори технологияли саноат ва замонавий хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш мақсадида Сенат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Самарқанд шаҳри таркибига 17 226,5 гектар ер майдони қўшилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, маъмурий-ҳудудий бошқарувни оптималлаштириш мақсадида Самарқанд туманини тугатиш ва 28 295 гектар ер майдонини Тойлоқ туманига ўтказиш режалаштирилмоқда.

Сенаторлар ўз чиқишларида кўрилаётган масаланинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, шаҳар аҳолиси сони 880 мингга етиб, “аҳолиси бир миллион бўлган шаҳар” мақомига яқинлашиши, янги ер майдонларида кичик саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этилиши, хизмат кўрсатиш, туризм ва қурилиш соҳаларида минглаб янги иш ўринлари яратилиши қайд этилди.

Айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларини сақлаб қолиш ва экологик мувозанатни таъминлаш масаласига алоҳида урғу берилди. Ўтказилаётган 6 263 гектар ер майдонининг тоифалари ўзгартирилмасдан сақланмоқда.

Муҳокамалардан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.