2019 йилнинг октябрида ўртача истеъмол нархлари даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,5 фоизни ташкил этди.
Давстатқўм хабарига кўра, умумий ҳисобда 2019 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи 11,4 фоизга қимматлашди.
2018 йилнинг октябрь ойига нисбатан республика истеъмол секторидаги ўртача нархлар даражаси 16,3 фоизга ошган.
Таққослаш учун: 2018 йилнинг октябрида товар ва хизматлар нархлари ой давомида ўртача 1,3 фоизга, 2017 йилнинг декабрь ойига нисбатан 9,5 фоизга, 2017 йилнинг октябрига нисбатан эса 16,3 фоизга қимматлашган.
Ўртача ойлик нарх индекслари ўсиш суръатининг ҳисобланиш тартибига кўра, 2019 йилнинг январь-октябрь ойлари давомидаги истеъмол нархлари индекси 1,1 фоизни, 2018 йилнинг январь-октябрида эса 0,9 фоизни ташкил этган. Шундай қилиб, октябрь ойи давомида умумий истеъмол нархлари индекси жорий йилнинг январь-октябрь ойларидаги ўртача ойлик ўсиш суръати кўрсаткичидан 0,4 даражага юқори бўлди.
2019 йилнинг январь-октябрь ойлари давомидаги нархларнинг энг юқори ўсиши ва пасайиши август (ўсиш суръати 2,9 фоиз) ҳамда июнь (пасайиш даражаси 0,5 фоиз) ойларига тўғри келади.
Таққослаш учун: ўтган йилнинг мос давридаги қисқа даврли ойлик истеъмол нархлари индекси динамикаси таҳлили натижаларига кўра, умумий кўрсаткичнинг энг юқори ўсиши январь ойида (2,7 фоиз), сезиларли даражада пасайиши эса июнь ойида (0,4 фоиз) қайд этилган.
Ўтган ойга нисбатан август ойидаги умумий истеъмол нархлари индекси нафақат жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомидаги, балки 2018 йилнинг январидан 2019 йилнинг октябрь ойигача бўлган даврдаги энг юқори кўрсаткич бўлиб саналади.
2019 ва 2018 йилларнинг ўн ойи давомидаги қисқа даврли ойлик умумий истеъмол нархлари индекси таққослаш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, кўрсаткичлар орасидаги максимал чекиниш яна август ойида (2019 йилдаги 2,9 фоизга қарши 2018 йилдаги 0,3 фоиз), октябрь ойидаги фарқ эса бор йўғи 0,2 даражани ташкил этган (2019 йил октябрдаги 1,5 фоизга қарши 2018 йил октябрь ойидаги 1,3 фоиз).
Ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 2018 ва 2019 йилларнинг биринчи ўн ойи давомидаги истеъмол нархлари индекси натижаларига асосан, январь ойидан июль ойига қадар кўрсаткичлар орасидаги тафовут август, сентябрь ва октябрь ойлари ўртасидаги фарқ каби аҳамиятли эмас эди. Шундай қилиб, биринчи етти ойлик кўрсаткичлар орасидаги диапазон январь ойида қайд этилиб (2,7 фоизга қарши 1,5 фоиз ёки 1,2 даражада), август ойига келиб фарқланиш даражаси 2,0 даражани (6,2 фоизга қарши 8,2 %), сентябрь ойида 1,6 даражагача пасайиб (9,7 фоизга қарши 8,1 фоиз), октябрь ойида яна 1,9 даражагача кўтарилган (11,4 фоизга қарши 9,5 фоиз).
















