Kun.uz миллий жамоа ва «Ростов»даги ўйинлари билан мухлисларни хурсанд қилаётган Элдор Шомуродовнинг Россияда қандай яшаётгани ҳақида мухлисларга тўлиқроқ маълумот бериш учун у яшаётган Ростов шаҳрига борди. Россия жанубидаги ҳавоси худди Ўзбекистонникига ўхшайдиган Ростов сафари давомида Элдор иштирокидаги учта ўйинни стадионда томоша қилишга муваффақ бўлдик.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
«Ростов» — «Сочи», «Спартак» — «Ростов» ва «Краснодар» — «Ростов» ўйинларида ҳамюртимизнинг ҳаракатлари ҳақида маълумотлар бердик. «Сочи»га қарши ўйиндан сўнг Элдорнинг уйида меҳмон бўлиб, ундан интервью олдик. Бугун суҳбатнинг видеосини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Аввало Элдор Ростовда қандай яшаётгани ҳақида. Ҳужумчимиз Ростов марказидаги кўп қаватли уйда ижарада яшайди. Элдорнинг айтишича, қозоғистонлик Бахтиёр Зайнуддинов келганидан сўнг кўп вақтини у билан ўтказмоқда. 1998 йилда туғилган Бахтиёр жуда киришимли йигит чиқиб қолди ва машғулотдан сўнг бизни бильярд ўйнагани таклиф қилди. Элдор ва Бахтиёр билан бильярд ўйнагани бордик. У ерда ҳам Шомуродов кўплаб мухлислар билан суратга тушишга улгурди. Уни шаҳар кўчаларида доим шундай қаршилашларига гувоҳ бўлдик.
Бильярд ўйинида футболчилар жамоаси биз журналистлар жамоасига ҳеч қандай имконият қолдирмаганини тан олиш керак. Бахтиёр ҳам айнан Элдор яшайдиган кўп қаватли уйда истиқомат қиларкан. Элдор суҳбат давомида Мамаев ҳам шу атрофда яшашини айтди. Суҳбат тугагач, ҳовлига чиқдик ва у ердаги болалар «Ана Мамаев» деб узоқдаги ўриндиқда ёлғиз ўтирган йигитни кўрсатишди. Унинг олдига бориб саломлашдик. Айтишича, янги йилдан сўнг майдонга тушишни бошлайди. Яқинда жазони ўташ колониясидан чиққан Пашага энг ёмон куни шу бўлганини айтиб, унга омад тиладик.

Элдор шаҳарда оддий одамлар каби таксида юраркан. Ҳозирча машинаси йўқлигини айтган ҳужумчининг гапларидан машинага қизиқиши катта эмаслигини ҳам фаҳмлаш мумкин эди.
Элдор клубдаги муҳит ҳақида гапирар экан «Ростов»да ҳаммаси ажойиблигини айтди: «Ўтган мавсумда ҳам ёмон ўйнамадик, лекин кўп очко йўқотиб, юқори ўринларда қололмадик. Шундай бўлса-да, жамоада муҳит ўзгармади. Бизда Ерёменко, Попов, Сигурдсон каби етакчилар бор».


















