Ўзбекистон | 09:30 / 19.11.2019
5274
4 дақиқада ўқилади

Давлат геология қўмитасига қўшимча функциялар топширилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Нефть ва газгеология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига қуйидаги функцияларни топшириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди:

янги углеводород хомашёси конларини очиш учун нефть ва газ истиқболли тузилмаларини аниқлаш ва тайёрлашга қаратилган илмий-тадқиқот, регионал геологик-тасвирлаш, геофизик ва бурғилаш ишларини олиб бориш;

республика углеводород хомашёси захираларини жадал ривожлантириш ва қайта тиклаш, янги углеводород хомашё конларини очишни таъминлашга йўналтирилган геология-қидирув ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш ишларини ташкиллаштириш.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ 2019 йил якунига қадар Давлат геология қўмитасига илмий-тадқиқот ва геофизик ишларини олиб боришнинг амалдаги лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда барча мавжуд истиқболли майдонлар, инвестиция блоклари ва углеводород хомашёси конлари бўйича фонд ва бошқа материалларни тақдим этади.

Белгилаб қўйилишича:

2020 йилдан бошлаб нефть ва газ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурлари Давлат геология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади;

нефть ва газ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурлари доирасида етакчи хорижий консалтинг компаниялари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда, геология-қидирув ишларини ташкил қилишнинг халқаро стандартларини татбиқ этиш чоралари амалга оширилади;

нефть ва газ бўйича илмий-тадқиқот, регионал геологик-тасвирлаш, геофизик ва бурғилаш ишлари ҳамда замонавий ускуналар, илмий ҳажмдор технологиялар, дастурий маҳсулотлар, махсус ва автотранспорт техникалари билан жиҳозлаш чоралари нефть ва газ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурларида кўзда тутилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Давлат геология қўмитасининг асосланган ҳисоб-китоблари асосида молиялаштирилади;

нефть ва газ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига бурғиланиб, қурилиши якунланган қудуқлар уларни Давлат геология қўмитаси ва унинг ташкилотлари томонидан ер қаъридан муайян фойдаланувчиларга берилгунига қадар солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат геология қўмитасининг “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбурғунефтгаз” АЖнинг “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда “Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви институти” АЖнинг устав капиталларидаги улушларини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Молия вазирлиги, Агентлик ва Давлат геология қўмитаси билан биргаликда 2020 йилнинг 1 июлига қадар геология-қидирув хизматлари соҳаси ва ушбу тармоқдаги рақобат даражасини ўрганган ҳолда Давлат геология қўмитаси таркибига кирувчи давлат корхоналарини Агентликка акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) ҳуқуқини бериш орқали қайта ташкил этишни таъминлайди.

Давлат геология қўмитаси Агентлик ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда ҳар бир давлат корхонасини қайта ташкил этиш бўйича тадбирлар режасини уларнинг аниқ муддатлари ва масъул ижрочиларини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширилишини таъминлайди.

Белгиланишича, “Ўзбекгеофизика” АЖ, “Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви институти” АЖ ҳамда қайта ташкил этилаётган давлат корхоналари ўз фаолиятини Давлат геология қўмитасининг ташкилий тузилмаси таркибида амалга оширади.

Мавзуга оид