Нашр суҳбатдошларига кўра, норасмий танаффус ўтган ҳафта бошида, Киев ва Вашингтон муносабатларидаги инқироз авжига чиққан пайтда бошланган. У 3 ноябрда АҚШда ўтадиган оралиқ сайловлар якунлангунига қадар давом этиши кутилмоқда. Зарба бермаслик амалиёти сайловлардан кейин, ноябр ойида ҳам сақланиб қолиши мумкин.

Reuters агентлиги WSJ хабарини мустақил равишда тасдиқлай олмаганини билдирган.

WSJ таъкидлашича, Украинанинг Starlink сунъий йўлдош алоқаси, АҚШ разведка маълумотлари ва Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ракеталарга боғлиқлиги Вашингтоннинг Киевга босим ўтказиш имкониятини сақлаб қолган. Бу ҳолат Трамп Оқ уйга қайтгач, Украинага ажратиладиган ҳарбий ва молиявий ёрдамнинг катта қисмини тўхтатганидан кейин ҳам ўзгармаган.

Мақолага кўра, Трамп сўнгги ҳафталарда Володимир Зеленскийдан Россия нефт заводларига ҳужумларни тўхтатишни талаб қилиб, жаҳондаги ёнилғи нархлари юқорилиги учун Украинани айблаган. Матнда келтирилган энергетика экспертлари эса нархлар ошишини асосан АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши билан боғламоқда.

Республикачи номзодлар қиммат ёқилғи 3 ноябрдаги сайлов натижаларига салбий таъсир қилишидан хавотирда. Нашр Трампнинг Россия дизел ёнилғисига нисбатан санкцияларни юмшатишини ҳам америкалик фермерлар ва бошқа истеъмолчилар харажатларини камайтиришга уриниш сифатида изоҳлаган.

WSJ билан анонимлик шарти асосида гаплашган икки америкалик амалдорга кўра, Трампнинг куёви ва махсус вакили Жаред Кушнер 20 октябрда Ослода ўтган музокараларда Зеленскийни Россия нефт заводларига зарбаларни 30 кунга тўхтатишга чақирган.

Учрашувда Зеленский, АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Европа делегациялари иштирок этган. Кушнер музокараларга видеоалоқа орқали қўшилган.

Манбаларнинг айтишича, Кушнер ўзи ва Уиткофф Москва билан урушни тугатиш шартлари бўйича музокараларга кўп вақт, куч ва самолёт ёнилғиси сарфлаётганини таъкидлаган. У 30 кунлик танаффусни Украина ўз миннатдорлигини кўрсатиши мумкин бўлган қадам сифатида тақдим этган.

Ослодаги учрашувнинг эртаси куни Трамп SpaceX раҳбари Илон Маскка қўнғироқ қилиб, Украина учун Starlink хизматини тиклашни сўраган. Бироқ WSJ суҳбатлашган АҚШ расмийлари Starlink фаолиятини тиклаш ва нефт заводларига зарбаларни тўхтатиш масалалари ўзаро боғланмаганини айтган.