Новак қайси заводлар ҳужумга учраганини очиқламаган. У нефтни қайта ишлаш корхоналарига зарбалар маълум танаффусдан сўнг қайта бошланганини айтган.
«Бир муддат танаффус бўлди, бугун эса нефт заводларига ҳужумлар қайта бошланди», — деган Россия бош вазири ўринбосари.
Аввалроқ Astra нашри ва Украинанинг мониторинг каналлари гувоҳларга таяниб, Самара вилоятидаги Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилганини хабар қилган эди. DW маълумотига кўра, корхона Россия армияси учун реактив ёнилғи ҳам ишлаб чиқаради.
Новокуйбишевск аҳолиси ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш бўлмаганидан шикоят қилган. Гувоҳларнинг айтишича, Самара вилояти губернатори Вячеслав Федоришчевнинг огоҳлантириши ҳужум бошланганидан қарийб икки соат ўтиб пайдо бўлган.
DW хабари эълон қилинган пайтда Украина томони мазкур зарбаларга расмий изоҳ бермаган.
Новокуйбишевск заводи «Роснефть»нинг Самарадаги корхоналари гуруҳига киради. Унинг йиллик қайта ишлаш қуввати қарийб 8,8 миллион тонна нефтни ташкил этади. Корхонада 20 дан ортиқ турдаги нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Завод аввал ҳам ҳужумларга учраган. Astra ёзишича, 2026 йил апрелидаги зарбалар оқибатида нефтни бирламчи қайта ишлашга мўлжалланган иккита қурилма фаолияти вақтинча тўхтатилган.












