Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Хўш, уларнинг замонавий ўзбек тили масалаларига муносабат қандай? Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритилиши масаласига улар қанақа қарашмоқда?

БМТнинг Ўзбекистондаги глобал лойиҳаси, ижтимоий сўровлар ўтказувчи онлайн платформа – U-report`да ўзбек тилига оид айрим масалаларга ёшларнинг муносабатини билиш мақсадида сўровнома ўтказилди.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган сўровномада бутун мамлакат бўйлаб 5700дан ортиқ респондент иштирок этди.

1. Сўров натижалари шуни кўрсатадики, эркаклар аёлларга қараганда ўзбек тили масалаларига консерватив ёндашар экан. Масалан, эркакларнинг деярли 50 фоизи жой номлари ва рекламалар ўзбек тилида эмаслигини салбий қабул қилишса, аёллар орасида бу кўрсаткич 31 фоизни ташкил этади.

2. Сўровда қатнашганларнинг 68 фоизи ўзбек тилини она тили, 23 фоизи давлат тили сифатида қабул қилишини билдирган.

«Ўзбек тили – мен билмайдиган тил» варианти бўйича рақамларда 14 ва ундан кичик ёшдагилар гуруҳи етакчилик қиляпти (6 фоиз). Шунингдек, айни шу ёш гуруҳи «бу – туркий тилларидан бири» вариантида ҳам етакчилик қилмоқда (4 фоиз).

3. Респондентларнинг 41 фоизи ўзбек тилини билишини «яхши», 34 фоизи «аъло» деб баҳолаган. 14-25 ёшдаги респондентларнинг фақат 1/3 қисми ўзбек тилини «аъло» даражада билишини айтган.

Эркаклар аёлларга нисбатан ўзбек тилини билишда ўзига кўпроқ ишонади: эркакларнинг 43 фоизи бу кўникмасини «яхши» ва 35 фоизи «аъло» деб баҳолашган бўлса, аёлларда бу кўрсаткич мос равишда 38 ва 32 фоизни ташкил қилди.

4. Респондентларнинг 36 фоизи «Давлат тили тўғрисида»ги қонун билан таниш эмаслигини айтишган. 24 фоиз қатнашчи шундай қонун борлигини билади холос. 8 фоизи уни ҳеч қачон ўқимаган.