АҚШнинг Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида бугун кўплаб афғонистонлик ўзбеклар истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти илгари Ўзбекистонда бўлмаган, лекин миллати ўзбек бўлган инсонлар. Афғон ўзбеклари анчагина фаол, Ўзбекистон байрамларини кенг нишонлаб келишади, айниқса тил байрамини.

Бу йил ҳам Филадельфия шаҳридаги тил байрамига бағишланган тадбирда ўнлаб инсонлар йиғилган.

Kun.uz’нинг АҚШдаги мухбирининг хабар беришича, Индиана университетининг профессори  Назиф Шаҳроний Афғонистон турклари, хусусан ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ҳақида тадбирда маъруза қилган. У ўзбек тилини асраб-авайлашнинг аҳамияти, тилнинг тарихий-маданий ўзликни сақлашдаги ўрни ҳақида фикр билдирган.

Афғонистоннинг таниқли санъаткори Фарҳод Дарё эса бадиий қисмда ўзбекча қўшиқлар куйлаб берди. У санъат ва мусиқанинг инсонларни бирлаштиришдаги ўрни, тил ва маданий хилма-хилликка ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳамда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш кераклигини гапирди.

Она тили байрамида ёш болалардан тортиб, аёлларгача шеър ва ғазаллар айтишди.

Шунингдек, Фарҳод Дарё, Хайр Муҳаммад Човуш, Саид  Кабир Камол каби санъаткорлар ўзбекча куйлади. Тадбир доирасида ўзбек миллий таомлари, анъанавий кийимлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Дастур якунида миллий таомлар тортиқ қилинган, ўзбек тилида самимий суҳбат ва мулоқот қилинди.

Умуман олганда, афғон ўзбеклари она тили байрамини АҚШда кенг нишонлаш билан бу миллатга ва унинг тилига бўлган юксак ҳурматларини изҳор этишмоқда.