Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 11 август куни қонунчиликда қўлланадиган айрим хорижий атамаларни ўзбекча муқобиллари билан алмаштиришни назарда тутувчи қонунни иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилди.

Қонунга кўра, қуйидаги атамалар алмаштирилади:
- «аванс» — «бўнак»;
- «маркировка» — «тамғалаш»;
- «маршрут» — «йўналиш»;
- «светофор» — «йўлчироқ»;
- «коворкинг» — «иш маркази»;
- «парол» — «ўрон»;
- «прогрессив» — «илғор».
Қайд этилишича, ушбу ўзгаришлар қонун ҳужжатларидаги тушунча ва юридик атамаларни бирхиллаштириш, шунингдек, уларни қўллашдаги ноаниқликларни бартараф этишга қаратилган.

Қонун Қонунчилик палатасида қабул қилинганидан сўнг Сенатга юборилади.











