Ўзбекистон | 10:00 / 27.11.2019
20233
2 дақиқада ўқилади

Махсус унвонга эга солиқчиларнинг бепул махсус формали кийим-бош билан таъминланиши бекор қилинади

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати

Давлат солиқ хизмати органларида махсус унвон берилган шахсларнинг белгиланган нормалар бўйича бепул махсус формали кийим-бош билан таъминланиши бекор қилинади. Бу ҳақдаги тегишли қонун лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонуни 15-моддасининг иккинчи қисми чиқариб ташланади.

15-моддада давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг моддий ва ижтимоий таъминоти белгилаб қўйилган.

Модданинг биринчи қисмига кўра, давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг иш ҳақи - мансаб маоши, махсус унвон, кўп йил хизмат қилганлиги учун тўланадиган устама ҳақлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда тўланадиган бошқа қўшимча ҳақлардан иборат бўлади.

Иккинчи қисмда эса махсус унвон берилган шахслар белгиланган нормалар бўйича бепул махсус формали кийим-бош билан таъминланиши айтилади. Қонун лойиҳаси билан ушбу қисм олиб ташланиши мўлжалланмоқда.

Шунингдек, 15-модданинг учинчи қисмига кўра, давлат солиқ хизмати органларида махсус фонд ташкил этилиши мумкин, уни ҳосил қилиш тартиби қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид