Ўзбекистон | 10:51 / 27.11.2019
17927
2 дақиқада ўқилади

Юридик шахслар айрим солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ҳуқуқига эга бўлди

Фото: KUN.UZ

Ҳукумат қарори билан Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи, ягона ер солиғини тўлаш муддати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан молиявий ҳолати солиқ қарздорлигини белгиланган муддатда тўлашга имкон бермайдиган юридик шахслар учун узайтирилади.

Бунда қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлиши керак:

агар солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича қарздорликнинг бир марталик тўлови солиқ тўловчини банкротликка олиб келса;

солиқ тўловчининг ишлаб чиқариш ва (ёки) товарлар ва хизматлар реализацияси мавсумий хусусиятга эга бўлса;

солиқ тўловчига табиий офат, технологик фалокат ёки енгиб бўлмайдиган кучларнинг бошқа ҳолатлари натижасида зарар етказилган тақдирда.

Солиқ тўлашнинг муддати 1 ойдан 24 ойгача:

солиқ қарздорлигининг бутун суммасига ёки унинг бир қисмига ёки келгусида юзага келадиган солиқ қарздорлигига нисбатан;

мазкур Низомда назарда тутилган бир солиқ ёки солиқларнинг бир неча тури бўйича узайтирилиши мумкин.

Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг тегишли қарорлари асосида амалга оширилади.

Мавзуга оид