Суперлига 25-тур рамзий жамоасидан кимлар ўрин олди?
27 ноябрь, чоршанба куни Суперлига 25-тур учрашувлари ўтказилди. Tribuna.uz сайти шиддатли ўйинларга бой бўлган учрашувларидан сўнг тур рамзий жамоасини тузди.
Дарвозабон: Раҳимжон Давронов (Бухоро)
Турнинг муҳим баҳсларидан бири Бухорода ўтказилди. Лигада қолиш учун кураш олиб бораётган «Бухоро» жамоаси «Металлург»га қарши саф тортди. Баҳс ҳужумкор руҳда ўтган бўлса-да, фақатгина посбонларнинг маҳорати эвазига дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолинди. Бекободликлар дарвозабони Александр Лобановни голдан омад ва дарвоза устунлари сақлаб қолган бўлса, «Бухоро» посбони Раҳимжон Давронов ажойиб «сейв»лари эвазига жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди. Бу эса унинг тур рамзий жамоасига киришини таъминлади.
Ҳимоячилар: Акмал Шораҳмедов (ОКМК), Илдар Маматказин (Андижон), Ғолиб Ғайбуллаев (Насаф), Жасур Азимов (Динамо)
Ҳимоя қўрғонидан эса уч футболчи ўрин олди. Ўнг қанотнинг ҳужумкор тажрибали ҳимоячиси Акмал Шораҳмедов ОКМК – «Қизилқум» (4:1) ўйинида голга ҳаммуаллиф бўлиш билан бирга ўйин давомида ўз қанотида фаол тўп сурди.
Марказий ҳимоядан жой олган «Андижон» ҳимоячиси Илдар Маматказин ҳимоячи бўлишига қарамай, «Андижон» - «Қўқон-1912» (1:1) ўйинида ҳужумларга фаол киришди ва сўнгги сонияларда жамоасини ўз голи билан мағлубиятдан қутқариб қолди.
Жиззахдаги «Сўғдиёна» - «Насаф» (1:1) ўйинида қаршиликлар сафида марказий ҳимоячи Ғолиб Ғайбуллаев бутун ўйин давомида фаол намойиш этиб, жамоасининг сафардан дуранг билан қайтишига ёрдам берди.
Чап қанот учун танланган Жасур Азимов эса «Динамо» - «Сурхон» (2:1) ўйинида қанот бўйлаб фаол ҳужумга ўтиб турди, жамоаси сардори сифатида етакчилик қобилиятини намойиш эта олди. «Динамо»нинг ғалабали голига ассистентлик қилди.
Ярим ҳимоячилар: Нурилло Тўхтасинов (Бунёдкор), Ихтиёр Тошпўлатов (Динамо), Қувондиқ Рўзиев (Қўқон-1912), Сардор Мирзаев (Локомотив).
Турнинг марказий ўйини «Пахтакор» - «Бунёдкор» (2:3) учрашувида «Қалдирғочлар» сафидаги Нурилло Тўхтасинов 90 дақиқа ўйинда фаол бўлди, жамоасининг дастлабки голига муаллифлик қилди. Ўйин якунигача «темп»ни сақлаб, жамоасини олға бошлай олди.
Суперлигада 12 ўйиндан буён ғалаба қозона олмаётган «Динамо»нинг дастлабки голининг ҳужумини ўнг қанот ҳужумкор яримҳимоячиси Ихтиёр Тошпўлатов бошлаб берган бўлса, кўп ўтмай айнан унинг ўзи «Сурхон» дарвозасини ишғол этиб, самарқандликларнинг ғалаба голига муаллифлик қилди.
Андижонда ўтган «Водий дербиси»да қўқонликлар етакчиси Қувондиқ Рўзиев бош билан киритилган ажойиб голи эвазига клубига ғалаба келтириши мумкин эди. Бироқ, ўйин якунидаги ҳимоядаги тартибсизлик клубга бир очко келтирди, холос.
Намангандаги «Навбаҳор» - «Локомотив» (0:1) ўйинида Сардор Мирзаев «Темирйўлчилар» сафидаги энг фаол футболчилардан бири бўлиб, меҳмонларга ғалаба келтирувчи гол муаллифига айланди.
Ҳужумчилар: Зафар Полвонов (ОКМК), Игорь Сергеев (Пахтакор)
Тур рамзий жамоаси ҳужум чизиғини Зафар Полвонов ва Игорь Сергеевлар банд этишди. ОКМК «Қизилқум»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этди, голлардан учтаси айнан Полвоновнинг номига ёзилди. Зафар шу куни навоийликлар ҳимоя чизиғига “кун бермади” ва голлари сонини 15тага етказди.
«Пахтакор» - «Бунёдкор» (2:3) учрашувида дубль қайд этган Игорь Сергеев тўпурарлар рўйхатида Зафар Полвоновдан ўзиб, 2-ўринга чиқиб олди. Унинг голлари сони 18тага етди.
Бош мураббий: Вадим Абрамов (Бунёдкор)
25-тур рамзий жамоасига бош мураббий сифатида Вадим Абрамов танланди. Айнан ушбу мутахассис Суперлига-2019 йилги мавсумда «Пахтакор»ни мағлуб эта олган ягона мураббий бўлиб турибди. Айнан ушбу факторнинг ўзи, Карленовични «тур мураббийи» дея танланишига етарли, бизнингча.
Суперлига 25-тур рамзий жамоаси: (4-4-2)
Дарвозабон: Раҳимжон Давронов (Бухоро)
Ҳимоячилар: Акмал Шораҳмедов (ОКМК) Илдар Маматказин (Андижон), Ғолиб Ғайбуллаев (Насаф), Жасур Азимов (Динамо)
Яримҳимоячилар: Нурилло Тўхтасинов (Бунёдкор), Ихтиёр Тошпўлатов (Динамо), Қувондиқ Рўзиев (Қўқон-1912), Сардор Мирзаев (Локомотив).
Ҳужумчилар: Зафар Полвонов (АГМК), Игорь Сергеев (Пахтакор)
Тур мураббийи: Вадим Абрамов (Бунёдкор).
Мавзуга оид
04:28 / 11.03.2022
Драганнинг «Пахтакор»и яна ғолиб: «шерлар» Черанга боғланиб қолдими?
16:48 / 20.01.2021
Футболдаги ўзбек иши. Ҳакамлар ким билан келишишган?
22:33 / 29.11.2020
Сергеев – қаҳрамон, Машарипов ҳамон жамоада. «Пахтакор»нинг чемпионлик ўйинидан фотогалерея
21:17 / 20.11.2020