Яқинда «Нефтчи» футболчиси «Турон»га қарши ўйиндан сўнг ҳакамни тепганида бир масала жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлди: футболчи футбол регламентига кўра жазоланиб, дисквалификация қилиниши керакми ёки бу ҳаракати учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрироқ бўладими?

Умуман, футбол майдонида бўлиб ўтган воқеалар учун қандай кодекс амал қилади? Жаҳон тажрибасида ҳар икки ҳолат ҳам амалда кузатилгани учун ҳолат бироз баҳсли эди. Шундай бўлса-да, футболчига нисбатан жиноий иш очилгани, бир неча кунга қамалгани ҳақида ҳам ёзилди. Қандай қарор тўғри бўларди, тўғриси, аниқ айта олмайман, лекин... Яхшиям видео бор экан, ҳаммаси очиқ бўлди – жиноятчи ҳам, жабрланувчи ҳам ўртада.

Шахсан менда кўпроқ савол ЎФА томонидан эълон қилинган бошқа хабарларда юзага келмоқда. Ташкилот сайтида ФИФА ва ОФК ҳаками Шерзод Қосимов уч йил муддатга футболдан четлатилгани хабар қилинди. Ш.Қосимовнинг бунга сабаб бўлган айблари сифатида «ЎФA интизом кодексининг 5.44-бандига асосан бир қатор футбол учрашувларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани» кўрсатилмоқда.

Бу сўнгги пайтларда биринчи ҳолат эмас. Ўтган йилнинг ноябр ойида ҳам ЎФА уч нафар ҳакамни (ФИФА ҳаками Жасур Мухторов, ЎФА ҳакамлари Аскер Нажафалиев ва Темур Тўхтасинов) футболдан четлатиб, 90, 70 ва 10 миллион сўмлик жарималар қўллаган. Ўшанда ҳам Мухторов ва Тўхтасинов худди ўша банд — «ЎФA интизом кодексининг 5.44-бандига асосан бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани учун» бўйича айб қўйилган.

Энди саволлар туғилади: аслида ҳакамларнинг қандай ҳаракатлари фақат футбол регламентига асосан кўриб чиқилиши керак?

Ҳакам майдонда ўз лаёқатсизлигини кўрсатиши ва бир қатор вазиятларда қўпол хатоларга йўл қўйиши мумкин. Бу одатда инсоний омил деб қаралса-да, айнан лаёқатсизлик нуқтайи назаридан ҳакам ўйинларни бошқаришдан четлатилиши мумкин. Бу тушунарли.

Ёки ҳакам маълум ўйинни бошқаришда нохолисликка йўл қўяди. Бу у ёки бу клубга мухлислиги, ён босиши ёки қайсидир жамоа ёки унинг мураббийга ғарази юзасидан атайлаб нотўғри қарорлар чиқариш орқали ўйин натижасига таъсир кўрсатади. Бу ҳам қайсидир маънода ҳакамнинг лаёқатсизлигини билдиради ва ушбу вазифадан бир муддат ёки бутунлай четлатилиши мумкин.

Бу эҳтимолларни четга сурамиз – 5.44-бандда айтилганидек, «бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани учун» дейилмоқда. Демак, ҳакамлар қандайдир келишув асосида, моддий қийматлик олиб ёки олмай, ўйинлар натижаларига таъсир ўтказмоқда. Бу ҳолатда фақат футбол фаолиятидан четлатиш етарли бўладими?