Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, янги тизим 2028/29 йилги мавсумдан жорий этилиши мумкин.
Дастлабки тақвим қуйидагича:
Ўзбекистон кубоги — 2028 йил 1 мартдан 31 майгача;
ёзги трансфер ойнаси — 1 июлдан 9 сентябргача (10 ҳафта);
Суперлиганинг биринчи давраси — 18 августдан 24 декабргача;
қишки трансфер ойнаси — 2029 йил 2 январдан 13 февралгача (6 ҳафта);
Суперлиганинг иккинчи давраси — 23 февралдан 31 майгача.

Шу тариқа, амалдаги баҳор-куз формати ўрнига чемпионат август ойида бошланиб, кейинги йил май ойида якунланадиган тизим таклиф этилмоқда.
Агар таклиф маъқулланса, бу Ўзбекистон чемпионати тарихидаги илк куз-баҳор мавсуми бўлади. Ўзбекистон Суперлигаси (аввалги Олий лига) 1992 йилда ташкил этилганидан буён доимо баҳор-куз тизимида, яъни бир календарь йил доирасида ўтказилган.
ПФЛ ҳозирча янги тизимга ўтиш сабабларини келтирмади. Бироқ бу Осиё футбол конфедерацияси клуб мусобақалари тақвимига мослашиш билан боғлиқ бўлиши мумкин. ОФК 2022 йилда клуб мусобақаларини куз-баҳор тизимига ўтказишга қарор қилган ва янги тақвим 2023/24 мавсумидан амал қила бошлаган.
Икки хил тақвим ўзбек клубларининг ОФК турнирларидаги иштирокида узоқ танаффус юзага келишига сабаб бўлмоқда. Масалан, 2025 йил ноябрида Ўзбекистон чемпиони бўлган «Нефтчи» ОФК Чемпионлар лигасидаги илк ўйинини 2026 йил 14 сентябрда — қарийб 10 ойдан кейин ўтказди. Яъни клуб чемпионлик орқали Осиё мусобақаси йўлланмасини қўлга киритганидан кейин уни амалда ишлатиши учун деярли бир йил кутишига тўғри келди.
Суперлиганинг куз-баҳор тизимига ўтказилиши бу муддатни сезиларли қисқартириши мумкин. Янги тақвимда май ойида Ўзбекистон чемпиони бўлган клуб ёзги танаффусдан сўнг ОФК клуб мусобақаларида иштирокини бошлаши мумкин. Бу ички чемпионат якунлари билан Осиё мусобақалари бошланиши ўртасидаги вақт тафовутини камайтиради.
2024/25 мавсумидан ОФК клуб мусобақалари Чемпионлар лигаси Elite, Чемпионлар лигаси 2 ва Challenge League каби уч поғонали янги форматда ҳам куз-баҳор тақвими асосида ўтказилмоқда.








