Жамият | 16:40 / 29.11.2019
5161
2 дақиқада ўқилади

Оналар ўлимининг ярми шифокорга вақтида мурожаат қилмаслик билан боғлиқ – Элмира Боситхонова

Бугун, 29 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Мамлакатда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатлик муҳитини янада яхшилаш» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова оналар ва болалар саломатлиги масаласига тўхталиб, сўнгги 10-15 йилда оналар ва болалар ўлими камайган бўлишига қарамай уларнинг саломатлигини асраш масаласига тўлиқ эътибор қаратилмаганини айтиб ўтди.

Қўмита раиси тақдим этган маълумотга кўра, ҳомиладор аёлларнинг ўз соғлигига эътиборсизлиги ва шифокорга кеч мурожаат қилиши туфайли 45-50 фоиз ҳолатларда оналар ўлими кузатилади.

«Шунингдек, бугунги кунда шифохоналарда бемор болалар кўпайиб кетишини бирламчи тизимда - оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида участка педиатрлари йўқлиги билан изоҳлаш мумкин. Ваҳоланки, мамлакатнинг 33 фоиз аҳолисини 18 ёшгача бўлганлар ташкил қилади.

Бундан ташқари, ҳудудий ҳокимликлар томонидан бу соҳани молиялаштириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлашга аксарият ҳолларда охирги ўринда қаралмоқда», - дея Элмира Боситхонованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг қўшимча қилишича, жорий йилда «Репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун тасдиқланиши ҳамда давлат раҳбарининг «Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида»ги қарори бу борадаги камчиликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Мавзуга оид