Ўзбекистон | 11:23 / 29.11.2019
3005
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги иссиқлик электр станцияларининг техник аудитини хитойлик мутахассислар ўтказади

Фото: Евгений Биятов

Энергетика вазирлигида Хитойнинг Energy China корпорацияси (CEEC) вакиллари билан музокаралар ўтказилди.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, учрашув давомида Хитой томони энергетика тармоғининг барча йўналишлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди.

Хусусан, Ангрен ИЭС ва Янги Ангрен ИЭС бўйича ҳамкорлик ҳамда барча турдаги хизматлар ва ишларни етказиб бериш билан, мамлакат энергетика тармоғи учун режалаштириш ва аудит ишларини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
 
Учрашув давомида Ўзбекистон томони республика энергетика секторида, шу жумладан халқаро маслаҳатчилар ва ташкилотларни жалб этган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги ахборотни тақдим этди. 

Томонлар аниқ ҳамкорлик йўналишларини иссиқлик электр станцияларининг техник аудитини ўтказиш учун хитойлик мутахассисларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқиш ҳақида ҳам келишиб олишди.  

Қайд этилишича, Energy China (CEEC) 70 йиллик фаолият тарихига эга бўлиб, йирик давлат корпорацияларидан бири ҳисобланади. CEEC лойиҳаларни амалга оширишнинг режалаштириш ва лойиҳалаштиришдан тортиб, то инвестиция қилиш ва фойдаланишгача бўлган комплекс ечимларини тақдим этади. Фаолият соҳалари – иссиқлик, гидро ва атом энергетикаси, қуёш ва шамол энергиясини ишлаб чиқариш, энергия узатиш ва бошқалар.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид