Ўзбекистон | 08:58 / 04.12.2019
8986
4 дақиқада ўқилади

Солиқ тўловчиларни инсофлилик мезонлари асосида сегментлаш тизими жорий этилади

Фото: Dreamstime

Давлат солиқ хизмати органларида солиқ хавфини баҳолаш ва солиқ тўловчиларни инсофлилик мезонлари асосида сегментлаш тизимини жорий қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Муҳокама учун жойлаштирилган ҳужжатга кўра, қуйидагилар солиқ хавфини бошқаришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

инсофли солиқ тўловчиларни қўллаб қувватлаш ва уларнинг фаолиятига асоссиз аралашишни чеклаш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ соҳасида қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи “солиқ хавфини таҳлил қилиш” тизими натижалари асосида амалга ошириш;

солиқ органларининг мавжуд кадрлар ресурсларидан келиб чиқиб солиқ назоратини солиқ хавфи юқори бўлган солиқ тўловчилар ва иқтисодий фаолият соҳаларига қаратиш;

солиқ хавфини баҳолашнинг замонавий усулларини жорий қилиш ва иқтисодий фаолият соҳасида хуфиёна айланма ҳамда назорат қилинмайдиган даромадлар кўламини қисқартириш;

солиққа оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш.

Солиқ хавфини бошқариш тизимининг асосий элементлари:

тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган ҳисоботлар;

давлат органлари, ташкилот ва муассасалар томонидан тақдим этиладиган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар;

солиқ хавфи мезонлари;

солиқ хавфи сегментлари.

Солиқ хавфини бошқариш, унинг қўлланилиш стратегияси ва тактикаси, маълумот йиғиш ва уни қайта ишлаш, хавфни таҳлил қилиш ва баҳолаш, хавфни бошқаришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Солиқ хавфини таҳлил қилиш ва баҳолаш Давлат солиқ қўмитасининг ахборот-коммуникация технологиялари ва таҳлилнинг автоматлаштирилган тизими орқали юритилади.

Автоматлаштирилган дастур ёрдамида олдиндан ишлаб чиқилган алгоритмлар орқали қуйидаги манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланиб, тадбиркорлик субъектларининг молиявий – хўжалик фаолияти таҳлил қилинади:

солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларига тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботлари ва бошқа маълумотлар;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 октябрдаги ПҚ-1843-сон қарорига асосан давлат солиқ хизмати идораларига солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари пайдо бўлиши (тугатилиши) тўғрисида маълумот тақдим этадиган идора ва ташкилотларнинг маълумотлари;

веб саҳифаларидан, ижтимоий тармоқлар ва қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалардан олинган маълумотлар;

ўтказилган солиқ назорати натижалари;

суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг солиқ ҳуқуқбузарликлари бўйича киритган таҳлилий маълумотлари (хусусий ажрим ва тақдимномалар);

жисмоний ва юридик шахсларнинг содир этилган солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисидаги мурожаатлари.

 Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ҳамда “Хизмат доирасида фойдаланиладиган” солиқ хавфи мезонларига ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли бўлган сегменти (кичик, ўрта ва йирик солиқ тўловчилар) асосида солиқ хавфи даражаси баллик тизимда баҳоланади.

Дастурий маҳсулот орқали аниқланган солиқ хавфлари баллик тизим орқали баҳолаш натижасида тадбиркорлик субъекти томонидан жами тўпланган балл солиқ хавфи даражаси бўйича қуйидаги учта сегментга ажратилади:

а) солиқ хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари (қизил йўлак);

б) солиқ хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари (сариқ йўлак);

в) солиқ хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектлари (яшил йўлак).

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ хавфи юқори ва ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхати дастурий маҳсулотдан шакллантирилади.

Дастурий маҳсулотдан шакллантирилган рўйхат тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ хавфи юқорилиги ёки ўртачалиги тўғрисида тадбиркорлик субъекти хабардор қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ назоратига номзод этиб белгиланади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектларига соддалаштирилган “яшил йўлак” тартибида хизмат кўрсатилади ва солиқ текширувлари тайинланмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид