Ўзбекистон | 11:12 / 13.12.2019
10878
3 дақиқада ўқилади

Миллий гвардия тўғрисидаги қонун сенаторлар томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2019 йил 13 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Сенат ахборот хизматига кўра, унда Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. 

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги ва “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунларини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Қонун Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг узвий давомидир. 

“Қисқа вақт ичида Миллий гвардия мамлакат хавфсизлигини таъминлаш тизимида муҳим бўғинга айланиб, Қуролли Кучларнинг бошқа таркибий қисмлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатди. Шу жиҳатдан ушбу Қонун мазкур тузилманинг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, хизматни ўташ тартиби, ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимояси каби масалаларни қамраб олади”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш, қонунийлик, ягоналик ва мустақиллик Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари сифатида белгиланмоқда. Қайд этилганидек, Қонун Миллий гвардия фаолияти ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, амалдаги қонун ҳужжатлари ва юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга уйғунлашишига хизмат қилиши айтилади.

Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ҳамда уларнинг чегараларини тасдиқлаш - мажлисда кўриб чиқилган яна бир масала бўлди. Унинг ижобий ҳал этилиши ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга, маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштиришга ва мазкур ҳудудлар учун ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб тасдиқланадиган маҳаллий дастурларни тўлиқ рўёбга чиқаришнинг муҳим омилларидан бўлиши мажлисда алоҳида қайд этилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди. 

Мавзуга оид