Президент томонидан «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун имзоланди. Ҳужжат риэлторлик соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган.
Қонунга мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги риэлторлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Эндиликда риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш учун номзодлар махсус ўқув дастурини тамомлаб, малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтиши лозим. Шундан сўнг уларга профессионал жамоат бирлашмаси томонидан штрих кодли малака сертификати берилади.
Шунингдек, риэлтор фақат риэлторлик ташкилоти таркибида фаолият юритиши мумкин. Риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар эса ўзлари ҳақидаги маълумотлар Ягона реестрга киритилган кундан бошлаб хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонунга кўра, риэлторлик хизматлари кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларда воситачилик қилиш, кўчмас мулк савдосини ташкил этиш, объектларни ишончли бошқариш, шунингдек, кўчмас мулк бозорида ахборот, маслаҳат ва реклама хизматларини кўрсатишни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, хусусий сектор томонидан ташкил этиладиган мультилистинг тизими жорий этилади. У риэлторлик хизматларини «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатиш, муддатли шартномалар бўйича ишлаш ва бозор иштирокчилари ўртасида электрон шаклда ишончли ахборот алмашинувини таъминлаш имконини беради.











