Ўзбекистонда автомобил йўллари соҳасини замонавий талаблар асосида тартибга солишга қаратилган «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ҳужжат йўл хўжалиги соҳасидаги ягона ҳуқуқий асосларни белгилаб, автомобил йўлларини ривожлантириш, улардан самарали фойдаланиш ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунга мувофиқ, автомобил йўллари умумий фойдаланишдаги, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда хўжалик аҳамиятига эга йўлларга ажратилади. Шунингдек, йўлларни давлат мулки сифатида бошқариш, уларни ривожлантириш ва сақлаш бўйича давлат органларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилган.

Ҳужжатда автомобил йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда уларни сақлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган. Йўллардан фойдаланишда ҳаракат хавфсизлиги, муҳандислик инфратузилмасини муҳофаза қилиш ва атроф-муҳитни асрашга оид талаблар ҳам белгиланган.

Шунингдек, қонунда автомобил йўллари соҳасидаги давлат назорати, йўлларни муҳофаза қилиш тартиби, йўл бўйидаги ҳимоя минтақалари, муҳандислик коммуникацияларини жойлаштириш ва йўллардан фойдаланишда юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам акс этган.

Қонуннинг қабул қилиниши автомобил йўлларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, соҳадаги муносабатларни ягона ҳуқуқий асосда тартибга солиш, йўллар сифати ва хавфсизлигини ошириш, шунингдек, транспорт инфратузилмасини барқарор ривожлантириш учун ҳуқуқий замин яратади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.