Ўзбекистон | 14:30 / 14.12.2019
5822
2 дақиқада ўқилади

Боғчаларда болаларни овқатлантириш талабга жавоб берадими?

Сенатнинг 25-ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Ялпи мажлис кун тартибига кўра, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонун муҳокамаси чоғида билдирилишича, мактабгача таълим ташкилотларида болаларни аутсорсинг услубида (ташкилот раҳбарияти эмас, балки четдан жалб қилинган тадбиркор хизмати асосида) овқатлантиришда муаммолар кузатилмоқда. 

“Болаларни овқатлантириш аутсорсинг услубида амалга оширилаётган боғчаларда муаммолар борлигини кўрмоқдамиз. Тадбиркор томонидан тайёрланаётган овқатларнинг сифатсиз эканлиги ҳолатлари қайд этилган. Хусусан, овқат сифати талабга жавоб бермаган ҳолларда боғча раҳбариятининг эътирозлари тадбиркор томонидан ҳатто инобатга олинмаётган ҳоллар кузатилмоқда”, − дейди сенатор Сайёра Баратова.

Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуджон Йўлдошевнинг маълумот беришича, ҳозирда мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантириш икки хил − муассаса раҳбарияти томонидан ва аутсорсинг услубида йўлга қўйилган.

“2018 йилда Тошкент шаҳрида 70дан ортиқ муассасада аутсорсинг усули синов тариқасида жорий этилди. Ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровга кўра, аутсорсинг услубида овқатлантиришдан ота-оналарнинг 98 фоизи мамнунлигини баён этган. Муассаса раҳбарияти томонидан овқатлантиришда эса 68 фоиз ота-оналар ижобий фикр билдирган”, − дейди у. 

Йўлдошевга кўра, овқатлантириш тизимининг боғча раҳбарияти томонидан ташкил этилиши мураккаб бўлиб, вазирлик томонидан бунга аниқ ечим топилган эмас. Аутсорсинг тизимида эса барча масъулиятни тадбиркор ўз бўйнига олади. Агар аутсорсерга нисбатан эътирозлар бўлса, ММТнинг махсус комиссияси томонидан тадбиркор билан шартнома бекор қилинади. 

Вазир ўринбосарига кўра, боғчаларда овқатлантиришнинг кейтеринг ва таомни етказиб бериш каби кўринишларини жорий қилиш режалаштирилмоқда.

“Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид