Ўзбекистон | 14:20 / 14.12.2019
51632
4 дақиқада ўқилади

Миллий гвардия бевосита президентга бўйсуниши белгилаб қўйилди

Фото: KUN.UZ

Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган “Миллий гвардия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам сенаторлар томонидан кўриб чиқилди.

Сенат аъзоси Бойматжон Расулов таъкидлаганидек, Қонун Миллий гвардиянинг мақоми, ваколатлари, вазифалари ва функцияларини белгилаш, шунингдек унинг фаолиятининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш хусусиятини мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонунга кўра Миллий гвардия Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи ҳарбий тузилмаларга эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдир.  

Миллий гвардиянинг янги ташкил этилган бўлинмаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини амалга ошириш вазифалари бўлганлиги сабабли, қонунда Миллий гвардиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш функцияси ва вазифасининг доираси белгиланмоқда.

Хусусан, жамоат тартиби ва хавфсизлиги, шу жумладан, оммавий тадбирлар, митинглар, йиғилишлар, намойишлар ўтказилаётганда ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, шунингдек табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда ҳодисаларни бартараф этишда ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида жамоат жойларида патруллик қилишда иштирок этиш Миллий гвардиянинг асосий вазифалари сифатида кўрсатилмоқда.

Белгилаб қўйилишича, Миллий гвардия ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар эса Миллий гвардияга унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши шарт.

Бундан ташқари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажариш мажбурийлиги назарда тутилмоқда. Қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш, ягоналик, мустақиллик Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланмоқда, уларнинг мазмуни ва моҳияти очиб берилмоқда.

Қонунга кўра, Миллий гвардиянинг таркиби мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Миллий гвардиянинг таркибига марказий девон, ҳудудий бошқармалар, ҳарбий тузилмалар, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа бўлинмалар ва ташкилотлар киради.

Шу билан бирга, Миллий гвардия бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир, Миллий гвардияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Миллий гвардия қўмондони раҳбарлик қилади. Миллий гвардия қўмондони мақомига кўра вазирга тенглаштирилади. Бундан ташқари, Миллий гвардияда ҳарбий хизматчилар томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби ва шартлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми назарда тутилмоқда.

Қонун билан Қонун нормалари талабларидан келиб чиқиб, Жиноят-процессуал кодексга ва “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар қайд этганидек, Қонуннинг қабул қилиниши Миллий гвардия шахсий таркиби ўз хизмат ва ҳарбий мажбуриятларини ишончли, ташаббус билан ва монеликсиз бажаришини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид