Месут Ўзил бу мавсумда аввалгидек ўйнай олмаяпти: барча турнирлар доирасида 10 ўйинда атиги 2 голли узатма. Лекин у твиттердаги сўзлари билан барчанинг эътибор марказига тушди - у Хитойдаги уйғурлар репрессиясига қарши чиқди: «Шарқий Туркистон — Ислом умматининг оғриқли нуқтаси. Уйғурлар инсонларни исломдан ажратмоқчи бўлганларга қарши ёлғиз курашишмоқда.
Улар (хитойликлар) Қуръонни ёқишмоқда, масжидлар ва мадрасаларни ёпишмоқда, диний уламолар қатл қилинмоқда. Эркакларни лагерга жўнатишмоқда, уларнинг оиласи эса хитойлик эркаклар билан яшашга мажбур қилинмоқда.
Лекин мусулмонлар сукут сақлашмоқда. Уларнинг овози эшитилмаяпти. Уларни ўша ерда ёлғиз қолдиришмоқда. Ахир зулмга рози бўлиш — айнан зулмнинг ўзи эканини улар билишмайдими?»
#HayırlıCumalarDoğuTürkistan 🙏🏼 pic.twitter.com/dJgeK4KSIk
— Mesut Özil (@MesutOzil1088) December 13, 2019
Уйғурлар кимлар?
Уйғурлар Шарқий Туркистоннинг туб халқи (11 миллион киши, эътиқодига кўра мусулмон-суннийлар), улар ҳозирги Хитой халқ республикаси таркибида ташкил этилган Шинжон-Уйғур мухтор ҳудудида истиқомат қилишади.
2018 йилнинг сентябрида Humans Rights Watch Хитойдаги мусулмон аҳолининг таъқибга учраши бўйича ҳисобот эълон қилганди. Унда Хитой ҳукумати оммавий равишда ва кўп ҳолларда ҳеч бир сабабсиз уйғурларни қўлга олиб, уларни қайта тарбиялаш лагерларига жойлаштириши, миллионлаб кишилар доимий кузатув остида яшаши, уларнинг ижтимоий аҳволи ва тақдири «ижтимоий кредит» ҳисоблаш тизимида тўплайдиган балларига боғлиқ бўлиши айтилганди.
Washington Post нашрининг ёзишича, минтақада диний бинолар бузиб ташланиши, Қуръон тақиқланиши, баъзи мусулмонлар эса чўчқа гўшти ейишга мажбурланиши кузатилади.
Ўтган йилнинг ноябрида Хитой «қайта тарбиялаш ва ўқитиш лагерлари» мавжудлигини тан олганди. Бу экстремизмга қарши кураш зарурати билан изоҳланган. БМТ маълумотига кўра, 2018 йил декабрида бир миллиондан ошиқ уйғурлар сақланаётганди.











