Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастурида жамиятдаги ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалаларга эътибор қаратилган. Масалан, аҳоли турмуш даражасини белгилашда, ижтимоий сиёсат ва давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб жорий этишда, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳамда уларни қўллаш тартибини амалиётга киритиш масаласи кенг ўрин олган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Қашқадарё вилоятидан кўрсатилган номзодлар партиямизнинг сайловолди сиёсий позицияси бўйича ўз фикрларини билдирмоқда.

Жамила Туракулова, педагог, Қарши шаҳридаги 29-мактаб директори, 125-Қарши сайлов округидан номзод:

Қорни тўқ боланинг фикрлаши, билимни қабул қилиш даражаси қорни оч боланикига нисбатан юқори бўлиши кўп кузатилган. Мактабларда ташкил этиладиган нонуштанинг рационга бой, тўйимли, табиий маҳсулотлардан тайёрланиши ўқувчиларнинг нафақат пухта билим олиши, балки соғлом ва дуркун ўсишига ҳам ёрдам беради. Бугун униб ўсаётган болаларнинг томоғидан тежаб қолинган арзимас маблағ эртага мамалкатга фойда келтирмайди. Миллат генофондининг заифлашувига, пировардида халқнинг зарарига хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, биз мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари учун соғлом овқатланишни ташкил этиш керак, деб ўйлаймиз.

Гулнора Арамова, филолог, Қарши туманидаги 10-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори, 126-Бешкент сайлов округидан номзод:

– Хотин-қизлар учун яратилаётган шароитлар, уларга бўлаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида кўп гапирилади. Лекин бу борада ҳали муаммолар оз эмас. Масалан, хотин-қизларга кўмаклашиш масаласига ҳамма жойда ҳам бир хилда эътибор қаратилмаяпти. Айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни турар-жой ҳамда иш билан таъминлаш бўйича жамоатчилик ва депутатлик назоратини янада кучайтириш керак, деб ўйлайман. Яна бир муҳим масала. Афсуски, аёллар орасида меҳнат қонунчилигидан бохабар бўлганлари жуда кам. Шунинг учун бандликка кўмаклашиш марказларидами ёки бошқа жойдами, албатта, хотин-қизларга меҳнат муносабатлари қонунчилигини ўргатишимиз шарт.