Жиззахдаги заводда қандай автомобиллар ишлаб чиқарилади?

Тошкентдан қарийб тўрт соатлик йўлдан сўнг, Kun.uz мухбири Жиззахдаги BYD Uzbekistan Factory заводига етиб борди. Бу ерда конвейерлар тўхтовсиз ҳаракатда: бирин-кетин турли моделлар йиғилиб, тайёр автомобиллар сафини тўлдирмоқда. Заводдаги жараён билан танишиш давомида мутахассислардан автомобилларни йиғиш тартиби, сифат назорати ва маҳаллий кадрларни тайёрлаш тизими ҳақида маълумот олинди.

Масъулларнинг айтишича, автомобилнинг сифатини фақат конвейер охиридаги якуний текширув белгиламайди. Машина тайёр ҳолга келгунча бир неча босқичли назорат ва синовлардан ўтади. Жараённинг исталган босқичида хатолик аниқланса, автомобиль кейинги жараёнга ўтказилмайди. Аввал муаммо аниқланади, сабабига баҳо берилади ва тегишли чоралар кўрилади. Яъни конвейердан чиқаётган ҳар бир автомобиль ортида фақат йиғиш иши эмас, босқичма-босқич назорат тизими ҳам туради. Машинанинг якуний ҳолати эса айнан шу кетма-кет текширувлар натижасида шаклланади.

Мазкур жараёнда маҳаллий мутахассисларнинг малакаси ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки замонавий автомобилни йиғиш деталларни бир-бирига улаш билангина тугамайди. Ҳар бир босқичда технологик талаб ва сифат стандартларига риоя қилиш талаб этилади.

Маҳаллийлаштириш фақат эҳтиёт қисмлардан иборат эмас

Автомобиль ишлаб чиқаришда яна бир муҳим жиҳат – маҳаллий кадрлар малакаси. Замонавий автомобилни йиғиш учун технологик ускуналар билан ишлаш, ишлаб чиқариш стандартлари ва сифат назорати талабларини яхши биладиган мутахассислар керак. Шу сабабли заводдаги маҳаллий ходимлар тегишли ўқув жараёнларидан ўтади. Мақсад уларнинг BYD глобал ишлаб чиқариш талабларига мос ишлашини таъминлаш.

CHAZOR ва янгиланган SONG PLUS: конвейердан қандай автомобиллар чиқмоқда?

Жиззахдаги завод конвейерида турли моделларни кўриш мумкин. Улар орасида CHAZOR UzPride ҳам бор. Маҳаллийлаштириш жараёни эса бундай гибрид автомобилларни Ўзбекистон бозори ва харидорларнинг кундалик эҳтиёжларига мослаштириш имконини бермоқда. Шаҳар ичидаги қатновлар, кундалик юмушлар ва доимий фойдаланиш учун мўлжалланган CHAZOR’да гибрид технологиянинг тежамкорлик жиҳати алоҳида эътибор тортади.