АҚШ Федерал захира тизими сентябр ойида ўтказган йиғилишида асосий ставкани 0,25 фоиз  бандга ошириб, 3,75-4 фоиз оралиғида белгилади. Бу ҳақда Федерал очиқ бозорлар қўмитаси (FOMC) тақдим этган пресс-релизда маълумот берилди. Охирги марта ставкани кўтариш 2023 йил июлда юз берганди.

ФЗТ ставкани нега оширди?

Ставкани ошириш қарорини FOMC 12 та аъзосиинг ҳаммаси бир овоздан маъқуллади. Бунга қуйидаги омилллар асос сифатида келтириляпти.  

Биринчидан, АҚШда йиллик инфляция пасаймаяпти. Бу кўрсаткич август ойида 3,4 фоизни ташкил этди. ФЗТнинг узоқ муддатли таргети инфляцияни 2 фоизгача тушириш ҳисобланади, бироқ нархларнинг пасайиши кутилганидан анча секинлашиб қолди. Масалан, август ойида нархларнинг кўтарилиши июл ойидаги 0,1 фоиздан 0,4 фоизгача тезлашди.

Иккинчидан, Яқин Шарқдаги кескинликлар сабабли халқаро бозорда нефтнинг баррели яна 100 доллардан ошиб кетди. Шу билан бирга, дизел ёнилғиси нархлари ҳам сезиларли қимматлашди, бу эса барча соҳаларда харажатларни кўпайтиряпти. Масалан, энергетика товарлари бўйича йиллик инфляция 16,3 фоизни ташкил этяпти.

Учинчидан, ФЗТ раиси Кевин Уорш иқтисодиёт барқарор суръатларда ўсаётгани, аҳоли харажатлари ва инвестициялар юқорилиги, меҳнат бозори ҳам мўътадиллигини таъкидлаб ўтди. Иқтисодиётда бундай кучли талаб сақланиб қолганда инфляцияни фақатгина пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш орқали жиловлаш мумкин бўлади.

Fed раиси матбуот анжуманида регулятор нефт ёки озиқ-овқат каби алоҳида маҳсулотлар нархига бевосита таъсир кўрсата олмаслигини айтиб ўтди. Унинг тушунтиришича, ставка оширилиши нархлар ўсишининг иқтисодиёт бўйлаб кенгроқ тарқалиб кетишининг олдини олишга ёрдам бериши керак.

Ставка оширилиши бозорга қандай таъсир кўрсатди?

Blooomberg’нинг ёзишича, трейдерлар сентябр ойида ставка оширилиши эҳтимолини 90 фоиздан юқори баҳолаган. Шу сабабдан ФЗТ қарори фонд бозорларига жиддий таъсир кўрсатмади.