Ҳар йили Ўзбекистонда юз минглаб чақалоқ дунёга келади. Уларнинг умумий сони мамлакатнинг демографик ҳолати ҳақида маълумот берса-да, туғилган болаларнинг жинси бўйича нисбати ҳам жуда муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Чунки ўғил ва қиз болалар сонидаги фарқ вақт ўтиши билан жамиятнинг демографик таркибига жиддий таъсир қилиши мумкин. Kun.uz очиқ маълумотлар асосида 2010 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда жинслар бўйича туғилишлар сони ва ҳудудлардаги вазиятни таҳлил қилди.

2010-2025 йиллар оралиғида доимий равишда Ўзбекистонда ўғил болалар қизларга нисбатан кўпроқ туғилган. Бу борада энг юқори тафовут 2018 йилда (10,4 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст тафовут 2025 йилда (7 фоиз) қайд этилган.

111

Ҳисобот даврида Ўзбекистонда жами 12 млн 486 минг 844 нафар чақалоқ дунёга келган. Улардан 6 млн 482 минг 375 нафари ўғил, 6 млн 4 минг 469 нафари қиз болалардир. 16 йиллик жамланган кўрсаткич бўйича бутун республикада ўғил болалар қизларга нисбатан 477 минг 906 нафарга (7,96 фоизга) кўп туғилган. Бу ҳар 100 нафар қиз чақалоққа ўртача 108 нафар ўғил бола тўғри келаётганини англатади.

222

2010-2025 йиллар оралиғида ўғил болаларнинг қизларга нисбатан устунлиги бўйича Қашқадарё вилояти (8,98 фоиз) мутлақ биринчи ўринни эгаллаган. Бу ерда ҳар 100 нафар қиз болага 109 нафар ўғил бола тўғри келади. Иккинчи ва учинчи ўринларда Наманган (8,64 фоиз) ва Жиззах (8,33 фоиз) вилоятлари жойлашган.

Нисбатан мувозанатли кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида (6,76 фоиз) қайд этилган. Шунингдек, Навоий (7,27 фоиз), Фарғона вилоятлари (7,40 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (7,48 фоиз) ҳам ўртача кўрсаткич республика даражасидан пастроқ шаклланган. Ҳудудлар орасида жами туғилишлар сони бўйича ҳам, ўғил ва қиз болалар ўртасидаги мутлақ сон фарқи бўйича ҳам Самарқанд вилояти етакчилик қилган.

Туман ва шаҳарлар кесимида таҳлил қилинадиган бўлса, энг катта гендер тафовут Оҳангарон шаҳрида кузатилган — 16,4 фоиз (туғилган ўғил болалар сони қиз болаларга нисбатан шунча фоизга кўпроқ). Шунингдек, Бекобод шаҳри (12,1 фоиз), Сўх (11,4 фоиз), Кўкдала (11,3 фоиз) ва Косон туманларида (10,9 фоиз) ҳам бу кўрсаткич жуда баланд ҳисобланади.  

3333