Якунланган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим мавзулари – Kun.uz дайжестида.
Пенсия ёши ошади
Ва ниҳоят кўпдан бери минбарлар орқали гапириб келинадиган пенсияга чиқиш ёшини ошириш масаласи расмий тус ола бошлади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳадаги энг муҳим янгилик бу 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёши ҳар йили 3 ойга ошириб борилиши ва 2039 йилда эркаклар учун 63 ёшга ва аёллар учун 58 ёшга етказилиши ҳақида.
Шунингдек, лойиҳага кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб:
пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун инобатга олинадиган охирги меҳнат фаолияти давомидаги беш йиллик иш ҳақи даври ҳар йили бир йилга ошириб борилган ҳолда йигирма йилликдаги иш ҳақи даврига етказилади. Бунда пенсия тайинлашда ўртача иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг энг паст даромадли даврининг 10 фоизини пенсия ҳисоб-китобидан чиқариб ташлаш тартиби жорий этилади;
ёшга доир пенсия тайинлаш учун белгиланган камида 7 йил иш стажи ҳар йили бир йилга босқичма-босқич оширилган ҳолда 2034 йилга бориб 15 йилга етказилади. Бунда энг кам иш стажига эга бўлмаган фуқароларга умумий белгиланган пенсия ёшидан беш йилдан кейин ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
2027 йил 1 январдан бошлаб ўртача ойлик иш ҳақи пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан кам бўлган фуқаролар томонидан жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ихтиёрий равишда иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида ўтказган маблағига 50 фоизгача табақалаштирилган миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча тўлаб берилади. Бундан ташқари, ўртача ойлик иш ҳақининг пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан юқори қисмидан 1 фоизи миқдоридаги маблағ ижтимоий солиқ ҳисобидан фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига тўлаб берилади ва ушбу миқдор 2033 йилдан 2 фоиз ҳамда 2040 йилдан 3 фоизга етказилади.
Фуқароларга жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларни инвестиция ва молиявий воситаларга жойлаштиришда иштирок этиш имконияти берилади.
2030 йил 1 январдан бошлаб жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағлардан фуқаролар оғир касалликка чалинганда даволаниш учун ҳамда ипотека кредитига бошланғич тўлов сифатида фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Пенсия жамғармаси раҳбари Муродбек Отажонов лойиҳани тушунтираркан, пенсия ёшини ошириш таклифини аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги узайгани билан изоҳлади.
“Пенсия ёшини оширишнинг биринчи сабаби жамиятимизда инсонларнинг ўртача умр кўриш даври узайгани билан боғлиқ. Ўзбекистонда 1993 йилдан бери пенсия ёши оширилмаган. 1993 йилда мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 67,3 ёш бўлган. 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 75,4 ёшга етди. Эркакларимизда ўртача умр кўриш 72,39 ёш, аёлларимизда 77 ёш”, деган жамғарма раҳбари.
Муродбек Отажоновнинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда 4,3 миллион нафар пенсионер бор ва бу аҳолининг 11,2 фоизига тенг. 2040 йилга бориб, пенсионерлар сони 8 миллион нафарга, аҳоли сонидаги улуши эса 15 фоизгача етиши прогноз қилинмоқда. Ўз навбатида 2039 йилда ўртача умр давомийлиги эркакларда 74 ёш, аёлларда 78 ёшга етиши кутиляпти.
Жорий йил бошида мамлакатда 60 ёшдан ошса-да, стажи етмагани сабабли пенсияга чиқа олмаганлар сони 470 минг нафарга етган.
Лойиҳанинг бошқа тафсилотлари ҳамда одамларни қизиқтирган энг муҳим саволларга ҳамкасбим Мадина Очилова Пенсия жамғармаси масъулларидан жавоб олган. Кимга қизиқ бўлса ютуб саҳифамизда буни топиб, томоша қилиши мумкин.
«Бирорта ғўдайган бойвачча пайдо бўлса, кечирмайман!»
Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг куч тузилмалари раҳбарларини жиддий огоҳлантирди.
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда тадбиркорлик учун хавфсизлик масаласи муҳим эканига эътибор қаратган.
Агар ҳокимият тартибни таъминлай олмаса, фақат иқтисодий йўналишдаги ишларнинг ўзи етарли эмаслиги қайд этилган.
Президент тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар янада жадал ишлаши кераклигини таъкидлаб, ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга жиноятчиликни жиловлаш бўйича кўпроқ ишлаш вазифасини қўйган.
“Бирорта ғўдайган бойвачча пайдо бўлса, бирортангни кечирмайман”, деган президент мамлакат куч тузилмалари раҳбарларига қарата.
Партия раҳбари ва Маданий мерос агентлиги ўртасида қарама-қаршилик чиқди
“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси, Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров маданий мерос объектларидан бирини сақлаб қолиш масаласига эътироз билдирди. У бинонинг Ўзбекистон миллий маданияти учун аҳамиятини савол остига олди.
“Тошкент шаҳрининг ўртасида битта эски, қанақадир бузиб ташласа ҳам бўладиган бинони маданий мерос сифатида қўриқлаб, судга бериб, жанжаллашиляпти. Ҳеч кимга керак эмас, бир рус рассомининг қанақадир уйи экан у. Олиб кетишингиз керак уни, бизга нима кераги бор унинг? Бизга қанақа қадрияти бор унинг маданий мерос сифатида? Қанақа аҳамияти бор? “Шоҳизинда”нинг олдида мингдан бирига тўғри келадими? Ким рассом бўлишидан қатъи назар”, дейди депутат.
Алишер Қодиров Тошкентнинг Бобур кўчасидаги 7-уй манзилида жойлашган тарихий уй ҳақида фикр билдирган бўлиши мумкин.
Маданий мерос агентлиги шу йил 8 сентябр куни мазкур уйдаги моддий маданий мерос объектини сақлаб қолиш масаласи юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилганди.
Агентлик маълумотига кўра, бино моддий маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасида. 2020 йилда агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши бинони Моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритиш масаласини маъқуллаган. 2021 йилда эса объектни Миллий рўйхатдан чиқариш бўйича таклиф рад этилган.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30 октябрдаги қарори билан Universal Packing Masters МЧЖга мазкур манзилдаги турар ва нотурар жой биноларини бузиш ҳамда ҳудудда кўп қаватли турар жой биноси қуриш учун ер участкаси ажратилган.
Ўқувчига зўравонлик қилган ўқитувчи 2 млн 200 минг сўмгача жаримага тортилади
Энди ўқитувчилар ўқувчилари билан янада ўйлаброқ гаплашадиган давр келди. Гап шундаки болаларни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун имзоланди ва кучга кирди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига киритилган қўшимчага кўра, таълим ташкилотида вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган шахс томонидан тарбия ва таълим бериш жараёнида вояга етмаган болага нисбатан жисмоний зўравонлик содир этиш, шунингдек, уни камситиш ёки хўрлаш каби ҳаракатларда ифодаланган тарзда таҳқирлаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда (440 минг сўмдан 2,2 млн сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.
Умид қиламизки, тарбияси ҳаминқадар ўқувчилар-у, уларнинг ота-оналари ушбу қонунни суиистеъмол қилмайдилар.
Эски комбанйларни янги деб олиб киришди
Бир неча йил ҳукуматнинг агросекторида юқори лавозимларда ишлаган, охирги пайтларда “Ўзагролизинг” АЖ бошқарув раиси бўлган Нодир Отажонов 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингани маълум бўлди.
Гарчи у аввалроқ ҳибсга олинган бўлса-да, Kun.uz журналистлари собиқ амалдорнинг жиноий қилмишларидан сўзловчи ҳужжатларни ўтган ҳафтадан қўлга киритди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Нодир Отажонов (2020 йил 24 ноябрдан 2025 йил 8 апрелга қадар “Ўзагролизинг” АЖ бошқарув раиси лавозимида ишлаган) 2024 йил баҳор ойларида Хитой компанияси вакиллари билан норасмий алоқа ўрнатган. Уларга аввал фойдаланилган ва қиймати арзон бўлган 3 қаторли 100 дона пахта териш комбайнини 2 қаторли “4МZ-2A” русумли янги комбайн кўринишида қайта таъмирлаб, ҳар бирини 80 минг доллардан Ўзбекистонга етказиб беришни таклиф қилган.
Улар бу таклифга рози бўлса комбайнларни импорт қилиш юзасидан шартнома имзоланиш мажбуриятини ўз зиммасига олиши эвазига шартнома умумий қийматининг 15 фоиз миқдорида ўзига улуш ажратилиши ҳусусида оғзаки келишган.
Ҳукмга кўра, Отажонов Хитой компанияси билан 100 та пахта териш комбайни импорти учун 8 млн долларлик шартнома тузилишини таъминлаш орқали 1 млн 180 минг доллар улуш олган. У ушбу пулларни дўстининг хонадонида сақлаган.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2025 йил 28 октябрдаги ҳукми билан Нодир Отажоновга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш ва 206 млн 250 минг сўм жарима жазолари тайинланган. Апелляция инстанцияси (2026 йил 23 июн) жазони ўзгаришсиз қолдирган.
Маълумот учун, Нодир Отажонов 2024 йил августда “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси сифатида “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Замон ўзгаргани сари шаҳарлар ҳам ўзгаради: янги йўллар очилади, улкан иншоотлар қурилади, эски бинолар бузилади. Катта қурилишлар зарурати баъзан шундай чегарага бориб етадики, тараққиёт йўлида нафақат уй-жойлар, балки марҳумлар манзили бўлган қабристонлар ҳам кўчирилишига тўғри келади. Тошкент вилоятида ҳам ана шундай жараён кутилмоқда.
Гап шундаки, Тошкент вилоятида Янги Тошкент халқаро аэропорти қуриладиган ҳудудда жойлашган 7 та эски қабристон бошқа қабристонларга кўчирилади. Бу ҳақда Тошкент вилоят ҳокими қарор қабул қилган.
Қарорда айтилишича, кўчириладиган қабристонларнинг иккитаси Қуйи Чирчиқ, бештаси Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган.
Улар: Қуйи Чирчиқ туманидаги Сергели маҳалласида жойлашган «Сергели болалар» ва «Корейс» қабристони, Ўрта Чирчиқ туманидаги Янгийўл маҳалласи ҳудудида жойлашган «Сувон бағиш» ва «Қудойқул» мусулмон қабристонлари, «Қудойқул» ва «Сариқтепа» корейс қабристонлари ҳамда «Борис» рус христиан қабристони.
Ушбу қабристонларда дафн ишлари узоқ йиллар аввал тўхтатилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2026 йил 10 апрелда бу бўйича хулоса берган.
Қабрлар очилганда суяк қолдиқлари аниқланса, улар эҳтиёткорлик билан йиғилиб, бошқа қабристонларга қайта дафн этилади. Кўчириш ишлари санитария-эпидемиология, экологик, архитектура, диний ва жамоатчилик талабларига риоя қилган ҳолда олиб борилади.
Қарорда қабрлар қайси қабристонларга кўчирилиши ҳам белгиланган:
«Сергели болалар» қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар «Шардара» қабристонига, «Корейс» қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар Сергели маҳалласидаги рус-корейс қабристонига кўчирилади.
«Сувон бағиш» ва «Қудойқул» мусулмон қабристонларидан эксгумация қилинган қабрлар Янгийўл маҳалласидаги «Зайнаб она» қабристонига қайта дафн этилади.
«Қудойқул» ва «Сариктепа» корейс қабристонлари ҳамда «Борис» рус христиан қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар эса Тараққиёт маҳалласидаги корейс қабристонига кўчирилади.
Қайта дафн қилиш ишлари диний урф-одатларга мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.
Тошкент жамоат транспортида янги рекордлар
Тошкентнинг метроси ва автобусларида одам ташиш бўйича янги рекордлар ўрнатилгани айтилди. 15 сентябр куни Тошкент шаҳар автобусларида йўловчи ташиш бўйича рекорд қайд этилган – 1 миллион 520 минг 113 нафар йўловчи автобуслардан фойдаланган. Хабарни эълон қилган Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси аввалги рекорд қанча бўлганини очиқламаган.
14 сентябр куни метрополитен хизматларидан 1 165 550 нафар йўловчи фойдаланиб, аввалги энг юқори кўрсаткич – 2026 йил 8 май кунги 1 117 061 нафар йўловчи рекордини янгилаган.
















