Жамият | 17:30 / 20.12.2019
9363
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда икки кишини 180 минг долларга “туширган” “майизфуруш”га суд ҳукми ўқилди

Иллюстратив фото

Маълум бўлишича, З.К. бундан уч йил олдин майиз савдоси билан тезда катта фойда олишга ишонтириб фуқаролардан катта миқдорда пул олиб ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. 

Хусусан, судда маълум бўлишича, 2016 йил 16 апрель куни Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаролар К.Ж. ва Б.Д.нинг ишончига кириб майиз савдосини бирга амалга ошириб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, кейинчалик даромадни тенг тақсимлашни ваъда қилган. Бу ишни бошлаш учун 300-350 минг доллар керак бўлишини уқтирган. Юқоридаги икки фуқаро дастлаб шубҳаланган ва майиз савдоси билан илгари шуғулланмагани, таваккал қила олмаслигини билдирган. Аммо З.К. бир неча йиллардан бери шу бизнес билан шуғулланиб фойда кўриши, ҳозир айрим ҳудудларда майиз жуда арзон экани ва бундай имконият бошқа қайтарилмаслигини айтгач, Ж.К. 100 минг, И.Б. 80 минг доллар олиб келиб берган.

Аммо қанча вақт ўтса ҳам фойдадан дарак бўлмагач, йигитлар ўз пулларини қайтаришни талаб қила бошлашади ва унинг бир қисмини (39 минг доллар) олишади. 

Икковлон ҳартугул битта ишни пишиқ қилишган – пулни топшираётганда тилхат олишган. Сўзлашувларнинг барчаси телефонда ёзиб олинган. Ана шу каби далиллар кейинчалик судда асқотди. 

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Ф.Рахманов томонидан томонидан кўриб чиқилди. З.К. олти йилга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид