Ўзбекистон | 13:43 / 09.01.2020
134533
3 дақиқада ўқилади

Давлатга хоинлик қилишда айбланган собиқ дипломатга ҳукм ўқилди

«Давлатга хоинлик қилиш»да айбланиб қўлга олинган собиқ дипломат Қодиржон Юсупов Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан давлатга хоинлик қилиш жиноятини содир этганликда айбли деб топилди ва унга 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Бугун, 2020 йил 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 157-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган собиқ дипломат Қ. Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Бир неча ой давомида ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинди. ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчининг важлари текширилди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Қ.Юсупов давлатга хоинлик қилиш жиноятини содир этганликда айбли деб топди.

Судланувчига нисбатан жазо чораларини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди.

Натижада, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи каби жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, К.Юсуповга 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди», дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ амалдори, Ўзбекистоннинг Австрия, Буюк Британия ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида, шунингдек Ўзбекистоннинг БМТ ва ЕХҲТдаги доимий ваколатхонасида ишлаган, 2002-2005 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматини бошқарган Қодиржон Юсупов 2019 йил бошида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинган, унга Жиноят кодексининг 157-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этиш тўғрисида айблов («давлатга хоинлик қилиш» эълон қилинганди.

2019 йилнинг июнида 67 ёшли Қодиржон Юсупов иши бўйича суд жараёни бошланганди.

Human Rights Watch ташкилоти 12 июнь куни эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан Қодир Юсуповни озод қилиш, шунингдек, у билан ноқонуний муомалада бўлишга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортишга чақирганди.

Мавзуга оид