Жаҳон | 00:01 / 09.01.2020
48091
2 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШ базаларига зарба беришда энг замонавий ракеталарини қўллаган - ОАВ

Фото: Reuters

Эрон АҚШнинг Ироқдаги Айн-ал-Асад ҳарбий базасига зарба беришда ажралувчи жанговар каллакли энг замонавий ракеталарини қўллаган. Бу ҳақда Tasnim ахборот агентлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, Эроннинг Ислом инқилоби соқчилари корпуси ҳарбий-ҳаво кучлари “Ал-Қудс” қўмондони генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига қасос олиш амалиёти вақтида “Фотиҳ-313” ва “Қиём” баллистик ракеталарини қўллаган. Икки ракетанинг таъсир доираси мос равишда 500 ва 800 кмни ташкил қилади.  

Ахборот агентлиги хабарида таъкидланишича, АҚШнинг ҳаво ҳужумига қарши тизимлари Эрон ҳарбийлари отган бирорта ракетани уриб тушира олмаган. 

Бундан ташқари, ажралувчи жанговар каллакли “Қиём” ракеталари радарларга фаол халақитлар ҳосил қилиш тизими билан жиҳозланган бўлган. Хабарда айтилишича, Эрон бу турдаги ракеталарни илк бор ҳарбий амалиёт вақтида қўллади.

Эрон 8 январга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари томонидан Ироқда фойдаланилувчи иккита объект - Айн-ал-Асад базаси ва Эрбил аэропортига ракета зарбалари берган. Теҳроннинг таъкидлашича, зарбалар вақтида камида 80 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган.

Мавзуга оид