Жаҳон | 10:19 / 10.01.2020
71147
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон - Тожикистон чегарасида навбатдаги кескин вазият рўй берди. Жабрланганлар бор

Фото: turmush.kg

Қирғизистон - Тожикистон давлат чегарасининг бир қисмида, 9 январдан 10 январга ўтар кечаси навбатдаги кескин вазият кузатилди.

Қирғизистон Давлат чегара хизматининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, 9 январдан 10 январга ўтар кечаси Қирғизистон Республикаси Боткен вилоятининг Жака-Орук ҳудудида номаълум шахслар Боткен шаҳрига кетаётган Қирғизистон фуқаросига тегишли автомобилни тошбўрон қилишган. Номаълум шахслар Тожикистон ҳудудида яширинди.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, машинада бўлганлар орасида жабрланганлар бор. Автомобилнинг орқа ва ён ойналари синиб кетган.

Орадан тахминан бир соат ўтгач, Кочо-Қорин ҳудудида Тожикистон фуқаролари Боткендан Кўк-Тош қишлоғига қараб кетаётган яна бир Қирғизистон фуқаросининг машинасига тош отишган. Натижада, машинанинг олд ойнаси синган.

Тахминан соат 02:40ларда Тожикистон фуқаролари Даҳма аҳоли пунктида Қирғизистон фуқаросининг уйини тошбўрон қилишган. Чегарачилар ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан бирга Қирғизистон фуқаросининг уйига йўл олишган вақтда, Тожикистон ҳудудидан кичик калибрли ов милтиғи орқали ўққа тутилганлар. Ўқ отиш орада узилишлар билан кузатилган, ўқлар фақат тожикистонликлар томонидан отилган.

Боткен вилоятида жойлаштирилган чегара бўлинмалари кучайтирилган режимда хизмат олиб бормоқда.

Кейинчалик, маҳкаманинг хабар беришича, Қирғизистон - Тожикистон давлат чегараси қисмида вазият кескинлашув элементлари бўлган ҳолда, нисбатан барқарор бўлиб турибди.

Давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги назорат-ўтказиш пунктлари одатий режимда ишламоқда.

Мавзуга оид