Kun.uz мухбирлари Украина сафари давомида “Ар-Роҳма” жомеъ масжидида бўлиб, жумъа намозининг адо қилиниши жараёнида иштирок этишди.

“Ар-Роҳма” – Украинанинг бош масжиди ҳисобланади. У Киев шаҳрида жойлашган бўлиб, Украина Мусулмонлари Диний Бошқармасининг (УМДБ) биноси, мадраса ва минорадан иборат Исломий мажмуанинг бир қисмидир. Унинг қурилиши 1994 йилда бошланган. 2000 йилда масжиднинг бир қисми қуриб битказилгач, намоз ўқишга рухсат берилган. 2011 йилда мажмуанинг расмий очилиш маросими ўтказилган. 3200 м.кв. ҳудудда жойлашган масжидда 2 мингдан ортиқ мусулмонлар ибодат қилиши мумкин.

Украинада 50 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг тахминан 5 фоизи мусулмонлардир. Бундан ташқари Ислом динига амал қилувчи ва хориждан, хусусан Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа кўплаб давлатлардан ўқиш ёки ишлаш учун ташриф буюрган меҳмонлар ҳам бор. Улар бир сафда туриб “Ар-Роҳма” масжидида ибодат қилишади.

Масжидда аёлларнинг ибодат қилиш учун ҳам шароитлар яратилган. Улар сафнинг охирида, махсус тўсиқлар билан ажратилган ва кириш эшиги алоҳида бўлган ҳудудда диний амалларни бажариши мумкин. Масжидда ёш болаларнинг ҳам ибодат қилишига ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Баъзи мусулмонлар масжидга оилавий тарзда ташриф буюришади. Ота-она ибодат қилаётганида, болакайлар бир-бири билан ўйнаб юради. Баъзан ўйинқароқ кичкинтойларнинг шўх-шодон овозлари масжидда янграб туради.    

Жума кунлари масжид атрофларида Ислом дини талабларига биноан сўйилган гўштлар ва бошқа маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилган. Бундан ташқари “Ҳалол” сертификати талаби асосида тайёрланган овқатлар ҳам таклиф қилинади. Аҳолисининг кўпчилиги насроний бўлган Украинадаги мусулмонлар учун бу жуда қулай. Жума куни фарз амалини бажаргандан сўнг, рўзғор учун харажат қилиш ёки овқатланиб олиш имконияти бор.