Спорт | 23:42 / 15.01.2020
31387
3 дақиқада ўқилади

«Корея билан финалда учрашамиз». «Ҳимояга ўтиб кетганимиз панд берди» — футболчиларнинг мағлубиятдан кейинги фикрлари

Фото : KUN.UZ

Ўзбекистон U23 жамоаси Осиё чемпионати чорак финалига йўлланмани қўлга киритди. 3-турда Жанубий Кореяга имкониятни бой берган Друлович шогирдлари омад сабаб кейинги босқичга йўлланма олишди. Чунки нариги ўйинда Эрон керакли даражада йирик ҳисобда ғалаба қозона олмади. Қайсидир маънода Хитой ҳам мардлик қилди ва профессионалларча ҳаракат қилди.

Жанубий Кореяга қарши ўйиндан сўнг футболчилар билан микс зонада учрашдик. Улар ўйин ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Хусусан Санжар Қодирқулов Жанубий Корея майдонда жамоалар ўртасидаги фарқни кўрсатиб қўйганини айтди: «Корея каби жамоа йўқ бу чемпионатда. Мусобақанинг энг зўр жамоаси билан ўйнаб кўрдик. Умид қиламан, улар билан финалда учрашамиз. Корея бугун майдонда даражадаги фарқни кўрсатиб қўйди. Биз ҳам мусобақа давомида ўсиб уларнинг даражасига чиқишимиз керак. Имконсиз нарсанинг ўзи йўқ».

Бобур Абдухолиқов ҳужумда бир ўзи ўйнашга ўрганиб кетганини айтди: «Битта ҳужумчи бўлиб ўйнаш қийин, лекин шериклар ёрдам бериб туришибди. Машғулотда менга тўп узатишлар ишланган».

Жасур Яхшибоев жамоанинг ҳимояга ўтиб кетгани панд берганини айтди: «Бугун ҳеч бўлмаса дуранг ўйнашимиз керак эди. Гуруҳдан чиқишимизга рақиблар ҳам ёрдам беришди. Корея мусобақадаги энг кучли жамоа. Ўйиндан қониқмадим, ўтган мусобақада ҳам ўйнаганим учун жамоага ёрдам беришим керак, буни эплолмаганим сабаб ўзимдан хафаман. Рақиб ҳужумкорлигини билардик, аммо дастлабки дақиқаларда гол ўтказиб юбориш таъсир қилади. Биз бу ҳолатдан чиқиб кетдик, аммо ҳимояга ўтиб кетганимиз панд бериб иккинчи голни ўтказиб юбордик.

Жисмоний жиҳатдан кучсиз эмасмиз, шунчаки Корея фонида шундай кўринди. Улар жуда кучли. Рақиб сафида кўп ўзгариш бўлгани сезилди, улар тетикроқ ўйнашди»,— деди Яхшибоев.

Ўзбекистоннинг чорак финалдаги рақиби эртага 16 январь куни Иордания ва БАА жамоалари ўртасидаги ўйинда аниқланади.

Мавзуга оид