АҚШ федерал маршаллари аёлларга нисбатан камситувчи қарашлари ҳамда ҳашаматли турмуш тарзини кўз-кўз қилиши билан танилган инфлюэнсер Эндрю Тейт ҳамда унинг укаси Тристанни қўлга олди.

Маҳаллий нашрларга кўра, ака-укалар Майамидаги спорт комплекси яқинида қўлга олишган, ўзи ҳам профессионал кикбоксер бўлган Эндрю Тейт бу ерга муштлашув бўйича турнир ўтказиш учун келганди.

Тейтлар Буюк Британия қироллиги прокуратураси сўрови билан ушланган. Лондон уларнинг АҚШдан экстрадиция қилинишига эришмоқчи. Ака-укалар АҚШ ва Буюк Британия фуқаролигига эга.

«Бедфордшир полициясидан қўшимча далиллар олингандан сўнг айблов эълон қилиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди ва натижада бу иш бўйича жабрланувчиларнинг умумий сони етти кишига етди», – деган қироллик прокуратурасининг ўта оғир жиноятлар бўлими бошлиғи Малколм МакҲаффи.

Буюк Британияда ака-ука Тейтларга 2010–2017 йиллар мобайнида содир этилган кўплаб жиноятлар бўйича айблов қўйилган. Гап номусга тегиш, баданга шикаст етказувчи тажовуз, порнография материалларини тарқатиш, одам савдоси ва даромад олиш мақсадида фоҳишабозликни назорат қилиш каби жиноятлар ҳақида кетмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги Тейтлар «экстрадиция жараёни доирасида» қўлга олинганини тасдиқлаган. CNN манбаси хабарига кўра, ака-укалар кейинги ҳафтада судга олиб келинади.

Буюк Британиядан ташқари, Эндрю ва Тристан Тейтга Руминияда ҳам одам савдоси ва жинсий зўравонлик бўйича айбловлар қўйилган.

Эндрю Тейт ва укаси шу йил апрел ойи бошида Ўзбекистонга келганди.

Улар бир неча кун давомида Тошкент ва Самарқандда бўлган, фанатлари билан кўришганди. Улар аэропортда вокзалда тантанали равишда кутиб олингани акс этган видеолар тарқалган, бу эса жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди.

У видеоларидан бирида Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ҳайкали ёнида туриб, саркарда «ўз фаолиятини қароқчиликдан бошлагани» ҳақида гапирганди.