Ўзбекистонни тасодифан кашф этган, бу ерга бир бор келиб, яна қайтиб келишни ният қилган, қайта-қайта ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар оз эмас. Биз ана шундай хорижликлардан бири, Бельгиянинг Зонховен шаҳридан бўлган Жон Рейнхард билан суҳбатда бўлдик.
Рейнхард рафиқаси Марлин Тутенел билан «Let’s Discover» номли, журналистик маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган агентликни юритади. Уларнинг иккиси ҳам журналист ва профессионал фотосуратчи.
– Ўзбекистон ҳақида илк бор қачон эшитгансиз? Сизни бу ерга нима жалб қилган?
– 2019 йил бошида Жоанна Ламлининг Буюк ипак йўли ҳақидаги телевизион кўрсатувини томоша қилгандик. Кўрсатувда Ўзбекистон ҳам намойиш этилганди. Биз бу мамлакатнинг гўзаллигидан ҳайратда қолдик. Турмуш ўртоғим билан Ўзбекистонга албатта боришга қарор қилдик ва Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонасига мурожаат қилдик.
– Демак, Ўзбекистонга биринчи марта ўтган йили келгансиз? Ташриф пайтида қайси шаҳарларда бўлгандингиз?
– Ҳа, биринчи ташрифимиз 2019 йил май ойида эди. Ундан кейин сентябрда Нидерландия ва Бельгиядан ўн нафар журналист билан биргаликда пресс-саёҳат уюштирдик. Биз Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада бўлганмиз. Тез орада Ўзбекистоннинг шарқий қисмига ҳам бориш ниятидамиз.

– Дастлабки таассуротларингиз ҳақида гапириб бера оласизми?
– Бизни одамларнинг меҳмондўстлиги ва самимийлиги ҳайратда қолдирган. Маданий обидаларнинг гўзаллигидан ҳайратландик. Табиат манзараларининг хилма-хиллиги, замонавий тезюрар поездлар ва бошқа кўплаб ҳайратланарли нарсалар бизни ўзига жалб этди. Миллий либослар ва лаззатли таомларни ҳам албатта унутмаслик керак.
– Ўзбекистоннинг энг қизиқарли хусусиятларини санаб бера оласизми?
– Ўзбекистоннинг ҳар бир жойи сирларга тўла. Ўзбекистон Европадаги одамлар учун кашф этилмаган ўлка. Бу ер меҳрибон инсонлари бўлган хавфсиз мамлакат. Бизга сайёҳлик полицияси ҳам борлиги маъқул келди.

– Яқинларингиз ва дўстларингизга Ўзбекистонга саёҳат қилишни маслаҳат берасизми?

















