Ўзбекистон | 01:45 / 29.01.2020
14953
5 дақиқада ўқилади

«Uzbekistan Airways» ташкил топганига 28 йил тўлди

28 январь куни Ўзбекистонда миллий авиакомпания ташкил этилганига 28 йил тўлди. 

Компания 1992 йил 28 январида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» номи билан ташкил этилган, биринчи қатновини Лондонга амалга оширган эди.

2018 йил охирига қадар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳам соҳа регулятори, ҳам авиаташувчи сифатида ишлаб келди. Шу йили президент фармони билан компания «Uzbekistan Airways» номини олди, аэропортлар унинг таркибидан чиқарилди, кўп ўтмай Транспорт вазирлиги очилди.

Бу ўзгаришларга қарамай, компания ҳамон монополлигича қолмоқда, чипта нархлари ва хизмат сифати боис доимий равишда танқид қилинади.

Самолёт парки

МАК 2004 йилдан бошлаб Ил-86, Ил-62, Ту-154, Ан-24, Як-40 самолётларини эксплуатациядан чиқаришни бошлаган. Ҳозир компания парки тўлиқ Boeing ва Airbus лайнерларидан иборат.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Boing самолётларининг тижорий эксплуатациясини 1996 йилда бошлаган, бу – Boeing 767 ҳаво кемаси эди. 2010 йилдан парвозларда Airbus А320дан ҳам фойдаланила бошлади.

МАКнинг ҳозирги авиапарки қуйидаги самолётлардан ташкил топган: Boeing757, Boeing767, Boeing 787 Dreamliner, AirbusА320 ва Airbus А320neo. Шунингдек, Boeing 767-300BCF юк самолётлари ҳам бор – унда 2014 йили илк марта юк қатнови амалга оширилган эди.

Февраль ойида олтинчи Boeing 787 Dreamliner самолёти қабул қилиб олингач, Ўзбекистон МДҲ давлатлари ўртасида бу русумдаги самолётларнинг етакчи эксплуатантига айланади. («Uzbekistan Airways» 2019 йилнинг ўзида 2та дримлайнер ва 2та Airbus A320neo самолётлари харид қилган эди)

Йўналишлар

МАК чартер дастури доирасида Аляскага илк рейсини 2016 йилда, ундан бир йил ўтиб эса Нью-Йоркка биринчи узлуксиз қатновини амалга оширган эди.

Ҳозирги йўналишлар тармоғи Европа, Осиё ва Америка шаҳарларида 60дан ортиқ маршрутларни ўз ичига олади. Чартер қатновлари эса барча қитъаларни қамраб олади.

Илк бор 2008 йилда йилига 2 миллиондан ортиқ йўловчи ташишга эришилган бўлса, 2018 йилда йўловчилар ташуви 3 миллиондан ошди.

2019 йилда барча йўналишларда 26 465та қатнов бажарилган бўлиб, уларда 3 801 605 нафар йўловчи ташилган.

Хавфсизлик ва мазали таомлар

Миллий авиакомпания бу икки жиҳат билан мақтана олади. Компаниянинг хавфсиз авиаташувчи сифатидаги халқаро мақоми 2008 йилда IОSА сертификати билан тасдиқланган. Хавфсизликдаги ютуқлари учун «Uzbekistan Airways» Халқаро авиация хавфсизлиги жамғармаси, Жаҳон хавфсизлик жамғармаси ва Boeing компаниясининг диплом ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

МАК 2008 йилдан буён IOSA (Халқаро ташувлар хавфсизлиги аудити) дастури, 2014 йилдан бери IATA (Ҳаво транспорти халқаро ассоциацияси), шунингдек AITO (Буюк Британия Мустақил туроператорлар ассоциацияси) аъзоси саналади.

Шунингдек, «Uzbekistan Airways» бир неча йилдан буён МДҲ аэропортларига парвозлар бажарилиши бўйича пунктуаллик рейтингида етакчилик қиляпти. 

Янги рақобатчи ва туғилган кундаги танқид

Ўзбекистонда лоукостерлар очилиши ҳақидаги ваъдалар ваъдалигича қолгач, яқинда ички парвозлар учун «Humo Air» компаниясига асос солиниши эълон қилинди. Бу билан «Uzbekistan Airways»нинг маҳаллий қатновлардаги монополияси расман барҳам топиши мумкин.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг маълум қилишича, президентнинг янги авиакомпания очиш топшириғи 2020 йилда бажарилади. Ўтган ҳафта имзоланган ҳукумат қарорида «Humo Air»нинг бизнес моделини ишлаб чиқиш учун 2 ой, компанияни ривожлантириш стратегиясини яратиш учун 3 ой муддат белгиланган.

Эътиборлиси, давлат раҳбарининг авиачипталар қимматлиги танқид қилинган йиғилиши «Uzbekistan Airways»нинг туғилган кунига тўғри келди. 28 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда самолёт ва поездларда хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, чипталар нархи эса қимматлиги асосли эътирозлар уйғотаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, мажлисда мамлакатнинг темир йўл ва авиа йўналишлари рақобатбардош эмаслиги ҳам айтилди. Президент чипталар нархини арзонлаштириш бўйича ҳам кўрсатма берди.

Компаниянинг 2020 йилдаги фаолиятига мана шу топшириқлар ижросига қараб баҳо бериш мумкин. Умид қиламизки, миллий авиакомпания 29-қишига қадар ҳам аҳоли, ҳам президент томонидан бўлаётган танқидлардан тўғри хулоса қилади ва кўпроқ ижобий ўзгаришлар томон юз буради.

Мавзуга оид