Жаҳон | 18:12 / 31.01.2020
7437
2 дақиқада ўқилади

КХДР Хитой билан темир йўл ва авиа қатновини тўхтатди

Коронавирус тарқалиши сабабли қатор давлатлар авиакомпаниялари Хитойга парвозларни камайтирмоқда ёки тўхтатмоқда.

КХДР ва Хитойни боғловчи темир йўл кўприги

КХДР ҳукумати коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 31 январдан бошлаб Хитой билан темир йўл қатновини тўхтатди. Бу ҳақда Россиянинг Пхеньяндаги элчихонаси хабар берди.

Элчихонанинг Facebook ижтимоий тармоғида жойлаштирилган хабарида айтилишича, янги турдаги коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларга мувофиқ, 31 январдан бошлаб Корея Халқ Демократик Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги темир йўл ва авиа қатнови номаълум муддатга тўхтатилган.

Аввалроқ Италия ўз ҳудудида коронавирусдан касалланиш билан боғлиқ 2 та ҳолат тасдиқлангач, Хитой билан авиаалоқани тўхтатишга қарор қилганди.

Бундан ташқари, Исроил ҳам Хитойдан келувчи авиарейсларни қабул қилмасликка қарор қилди. 

Коронавирус тарқалиши сабабли қатор давлатлар авиакомпаниялари Хитойга парвозларни камайтирмоқда ёки тўхтатмоқда.

Жумладан, аввалроқ Жанубий Кореянинг Air Seoul, Asiana Airlines, Jeju Air ва Jin Air, Индонезиянинг Lion Air, Финляндиянинг Finnair, Макаонинг Air Macau, Сингапурнинг Cathay Pacific Airways ва Jetstar Airways, Канаданинг Air Canada, АҚШнинг American Airlines, Delta ва United, Германиянинг Lufthansa, Франциянинг Air France, Британиянинг British Airways авиакомпаниялари парвозларни тўхтатганди.  

Бу авиакомпаниялар қаторига Туркиянинг энг йирик авиакомпанияси Turkish Airlines ҳам қўшилди. Авиакомпания баёнотида таъкидланишича, Пекин, Гуаньчжоу, Шанхай ва Сиань шаҳарларига 9 февралгача авиарейслар бекор қилинади.

Мавзуга оид