Ўзбекистон | 14:15 / 05.02.2020
4819
3 дақиқада ўқилади

Чилонзорда сифати кафолатланмаган дорилар айланмасига чек қўйилди

Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари Тошкент шаҳар бошқармаси ва Тошкент АЭРО ИБК ходимлари билан ҳамкорликда Чилонзор туманида тезкор тадбир ўтказишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тезкор тадбир давомида «Gentra» автомашинаси холислар иштирокида назоратдан ўтказилди. Натижада автомашина ҳайдовчиси фуқаро Б.О.нинг ёнидан 16 дона «Regapen» ва 5 дона «Тропикамид» дори воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, автомашинада йўловчи сифатида ҳаракатланаётган фуқаро Л.С.нинг ёнидан ҳам 56 дона «Regapen» номли дори воситалари яширилгани маълум бўлди.

Тадбир давом эттирилиб, фуқаро Л.С.нинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилди. Натижада, унинг уйида 210 дона «Regapen» ва 71 дона «Тропикамид» дори воситалари яширилгани аниқланди.

Ўтказилган тадбир давомида умумий миқдори 10 миллион сўмлик 282 дона «Regapen» ва 76 дона «Тропикамид» дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда бу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шунингдек, божхоначилар томонидан Тошкент ва Наманган вилоятларида ҳам тезкор тадбирлар ўтказилди.

Наманган вилоятида ўтказилган тадбир давомида фуқаро А.Д.нинг яшаш хонадони ўрнатилган тартибда холислар иштирокида назоратдан ўтказилди. Текширув давомида ушбу шахс ўз уйидан яма сифатида фойдаланиб, ноқонуний тарзда умумий қиймати 53 миллион сўмлик 30 дона телевизор ва 8 дона духовкани сақлаётгани аниқланди.

Тезкор тадбир Тошкент вилоятида давом эттирилиб, фуқаро Т.Б. бошқарувидаги «Исузу» автомашинаси назоратдан ўтказилди. Натижада автомашина юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 51,8 миллион сўмлик 5 дона кондиционер, 10 дона музлатгич, 10 дона стабилизатор ва 539 дона ғалтак ип борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида умумий қиймати 104,8 миллион сўмлик маиший техника товарлари ашёвий далил сифатида олинди. Суриштирув ишлари давом этмоқда.

Мавзуга оид