Спорт | 11:51 / 06.02.2020
8501
5 дақиқада ўқилади

Миллий спортни ривожлантириш йўналишлари белгиланди

Президентнинг 24 январдаги  мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни такомиллаштириш ва оммалаштириш тўғрисидаги фармони имзоланди

Фото: kurash-ika.org

2025 йилга мақсадли кўрсаткичлар белгиланди –  улар жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган аҳолининг умумий сонини 30 фоизгача, спорт ташкилот ва муассасаларида шуғулланаётган ёшларнинг умумий сонини 20 фоизгача ошириш, давлат спорт таълими муассасаларида олий маълумотли тренер ва мутахассислар сонини 80 фоизгача етказишдан иборат. Иқтидорли спортчилар шаффоф тўрт босқичли – ташкилот– туман (шаҳар)–ҳудуд–республика тизими бўйича танлаб олинади.
 
Norma’нинг ёзишича, 2020 йил 1 февралдан бошлаб олимпия спорт турлари бўйича республика спорт мусобақаларида допинг-тест намуналарини олиш тизими жорий этилади. Қишки олимпия спорт турлари инфратузилмасини яратиш ва профессионал спортчиларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон спорт делегацияларини нуфузли спорт мусобақаларига тизимли тайёрлаш бўйича Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Олимпия тайёргарлик маркази ташкил этилади.
 
Ўзбекистонда турли спорт тадбирлари, масалан, болалар ва талабалар спорт ўйинлари, фестиваллар, танловлар, «Tashkent Marathon» халқаро марафони, «Save Aral» халқаро экомарафони, авторалли ва мотокросс спорт мусобақалари ўтказилади. Шунингдек хорижлик спортчи ва мухлислар учун «хоспиталити хизматлари»ни йўлга қўйиш, «Sport Visa» қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визасини жорий этиш режалаштирилмоқда.
 
Спорт соҳасида хусусий сектор хизматлари улуши оширилади. Бунга эришиш учун қуйидагилар амалга оширилади:

а) таълим муассасаларининг спорт иншоотлари, уларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича инвестиция мажбуриятини олган ҳолда, ўқув машғулотларидан бўш вақтда тадбиркорлик субъектларига фойдаланишга берилади;

б) кредит маблағлари жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини барпо этишда инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан фойдаланишни назарда тутувчи намунавий лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилади. 2020–2021 йилларда лойиҳа ташаббускорларига сўмда ажратилган қуйидаги кредитларнинг бир қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қоплаб берилади:

суммаси 10 млрд сўмдан ошмайдиган;

фоиз ставкаси МБ асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган;

асосий ставкадан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми.
 
Бундан ташқари, 2020 йил 1 февралдан бошлаб спорт соҳасидаги ютуқларни муносиб равишда рағбатлантириш назарда тутилган тартиб жорий этилади:

биринчидан, олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган спортчи-ўқувчиларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган олий таълим муассасаларига (тиббиёт йўналишидан ташқари) қўшимча давлат гранти асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади;

иккинчидан, «Болалар спорт ўйинлари»нинг жамоавий ўйин турлари бўйича республика босқичи натижалари бўйича:

ғолибларига (1-ўрин) олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида соҳа бўйича мутахассислик фанидан максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи, 3 йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим этилади;

ғолиб ва совриндорларни (1-3 ўрин) тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари эгаллаган 1-ўрин учун МҲЭКМнинг - 6 баравари, 2-ўрин учун - 4 баравари, 3-ўрин учун - 3 баравари миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади;

учинчидан, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган жисмоний тарбия фан олимпиадасининг ғолиб ва совриндорларини (1-3 ўрин) тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт таълим муассасаларининг тренерлари малака аттестациясига жалб этилмасдан, уларга:

туман (шаҳар) босқичи ғолиб ва совриндорларини тайёрлагани учун – иккинчи малака тоифаси;

вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тайёрлагани учун – биринчи малака тоифаси;

республика ва халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндорларини тайёрлагани учун – олий малака тоифаси тўғридан-тўғри берилади;

тўртинчидан, олимпия спорт турлари бўйича республика (1-ўрин) ва халқаро мусобақаларда (Олимпия ва Паралимпия ўйинларида, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1-3 ўринлар) ғолиб чиққан олий таълим муассасалари талабаларини тайёрлаган жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги кафедралар ўқитувчиларига навбатдаги илмий унвонлар (доцент, профессор) тўғридан-тўғри берилади.
 
Спорт паспортини расмийлаштириш ва бериш учун йиғим пул тўлови амалга оширилаётган кундаги БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Мавзуга оид