АҚШ зарбалари Эроннинг соҳилбўйи ҳудудларини мамлакат ичкариси билан боғлайдиган логистика тармоқларини издан чиқаряпти. Айрим таҳлилчилар буни яқин ойлар ичида эҳтимолий қуруқликдаги операциялар учун тайёргарлик деб талқин қиляпти. Эрон расмийлари уруш кейинги босқичга ўтса, минтақадаги айрим давлатларга қийин бўлишини бир неча бор таъкидлаган.
Мавзу юзасидан “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар фикр юритишди.
— АҚШ-Эрон уруши давом этар экан, Форс кўрфази давлатлари якдил бир позиция ишлаб чиқадими ё охиригача ҳаракатсиз нишон бўлиб қолаверадими?
Ҳамза Болтаев: АҚШнинг Эронга берган зарбаларидан сўнг, Теҳрон олдиндан Кўрфаз минтақасидаги АҚШ манфаатлари ва ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берилиши мумкинлигини билдирган эди. Бироқ яқинда Покистонда ўтган конференцияда қатнашганимда, қатарлик бир мутахассис билан суҳбатлашдим. Унга кўра, бу баёнотлар кўп жиҳатдан асоссиз бўлиб, Эроннинг бир қатор зарбалари фуқаролик объектларига ҳам йўналтирилган. Бу – воқеаларга бевосита гувоҳ бўлаётган, минтақада яшаб фаолият юритаётган экспертларнинг қараши.
Эрон расмийлари таъкидлаганидек, Теҳронда АҚШнинг асосий ҳудудига зарба бериш имконияти йўқ. Шу сабабли улар учун асосий мақсад – омон қолиш ва қаршилик кўрсатиш. Бу эса табиий равишда минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари ва манфаатларига нисбатан чоралар кўришни англатади.
Бу вазият Кўрфаз мамлакатларини қанчалик бирлаштиряпти? Амалда Форс кўрфази давлатлари ўртасида якдиллик мавжуд эмас. Масалан, Қатар ва Уммон Эрон билан музокаралар олиб бориш ва муаммоларни индивидуал тарзда ҳал этиш тарафдори. Бирлашган Араб Амирликлари эса АҚШ ва Исроил билан яқин ҳамкорликни кучайтирмоқда. Шу билан бирга, мамлакат ичидаги айрим экспертлар бундай сиёсат давом этса, БАА аста-секин АҚШ ва Исроил учун ҳарбий инфратузилмага – хусусан, аэродром вазифасини бажарувчи ҳудудга айланиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Саудия Арабистони эса нисбатан мустақил куч марказига айланишга интилмоқда. Минтақа давлатларининг стратегик қарашлари ва манфаатлари турлича бўлгани сабабли, ягона позицияга келиш имконияти ҳозирча чекланган.
Шу билан бирга, АҚШнинг сўнгги ҳарбий зарбалари таҳлил қилинса, улар Эроннинг соҳилбўйи ҳудудлари билан ички ҳудудларини боғлайдиган логистика тизимини издан чиқаришга қаратилгани кўринади. Айрим экспертлар бу ҳаракатларни куз фаслига бориб эҳтимолий қуруқликдаги операцияларга тайёргарлик сифатида баҳоламоқда. Бундай сценарийда Кўрфаз мамлакатлари қандай йўл тутади – бу ҳали очиқ савол. Ҳозирча эса айрим давлатлар воқеаларнинг айнан шу йўсинда ривожланишидан маълум даражада манфаатдор кўринади.






